Чорвоқда ер кўчиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди

    Шу йил 13 апрель куни соат 07:50 да Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Боғистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи 4Р-10 “Чорвоқ сув омбори айланма йўли”нинг 47 км. да ер кўчкиси содир бўлган. Кўчки автомобил йўлининг ўнг томонидан пастликка кўчган. Кўчкининг ўлчами: эни 10-15 метр; баландлиги (чуқурлиги) 1-1,5 метр; узунлиги 10-14 метрни ташкил этади.

    Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, кўчки тушиши оқибатида йўлдан ўтаётган Дамас русумли автомобили пастга қулаган. Натижада автомобилда бўлган икки нафар фуқаро жабрланган.

    Жабрланган фуқароларнинг бири Бўстонлиқ тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётганда вафот этган.

    Жабрланган фуқаролар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани “Боғистон” МФЙда истиқомат қилиши маълум бўлди.

    Тошкент вилояти ФВБ, ИИБ, Бўстонлиқ тумани хокимияти ва “Ўзавтойўл” хизмати билан ҳамкорликда кўчки тушган автомобил йўлини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.