Ўзбекистон фуқароси илк бор Forbes рўйхатига киритилди

Нью-Йоркдаги Credit Exim компанияси асосчиси Дилмурод Асқаров Forbes’нинг 30 ёшдан кичик бўлган осиёлик энг бадавлат тадбиркорларнинг ўттизталик рўйхатида қайд этилди.

Айни вақтда 29 ёшда бўлган Дилмурод Асқаров Ўзбекистонда туғилиб ўсган бўлиб, у Forbes рейтингида айнан шу мамлакат номидан қайд этилган. У ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Forbes “30 Under 30″ рўйхатига киритилганимдан жуда миннатдорман”, деб қайд этган. 

Асқаров Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Credit Exim стартапи директори ҳисобланади. Компания Осиёдан хом ашё импорт қилувчиларга ва Осиёга хом ашё экспорт қилувчиларга қисқа муддат учун молиявий қарорлар қабул қилиш бўйича маслаҳатлар тақдим этиш билан шуғулланади. Шунингдек, компания кичик бизнес эгаларига краудфаундинг ёки block chain технологияси каби замонавий механизмлар орқали инновацион қарорлар қабул қилишга ёрдам кўрсатади.

Қайд этиш керакки, Асқаров ушбу рўйхатга кирган илк Марказий Осиё вакили бўлди. Бунгача Forbes рейтингида Ўзбекистонда туғилган шахслар пайдо бўлган, аммо улар бошқа мамлакатлар фуқаролари сифатида қайд этилишганди.

SHARE