Россияда 1,6 миллион ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда

Россиянинг Пушкин (Москва) номидаги рус тили давлат институти меҳнат мигрантларини синовдан ўтказишда иштирок этиши мумкин. Ўзбекистон ҳудудида рус тили бўйича имтиҳонларни ўтказиш масаласи икки томон делегацияси учрашувида муҳокама қилинди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, Ўзбекистон фуқароларини Россияда ишлаш учун ташкилий ёллаш бўйича давлатлараро келишувга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага расмий ташрифи давомида эришилди. Ўзбекистон Меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги делегация Пушкин Институти маъмурияти билан эҳтимолий ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди.

Пушкин номидаги рус тили давлат институти бошқа давлат фуқароларини тестдан ўтказиш бўйича давлат тизимига жавоб берувчи Россия тест консорциуми таркибига киради. Институт билан биргаликда ишлашдан мақсад – ўзбекистонликлар учун РФда ишлашга рухсат олиш жараёнини максимал даражада енгиллаштириш. Айни дамда у ўз ичига рус тили, тарихи ва Россия қонунчилиги асослари бўйича мажмуавий имтиҳонни қамраб олади. Режага кўра, рус тили бўйича синовдан Ўзбекистон ҳудудида ўтиш ҳамда имтиҳонга тайёрлаш бўйича дастурларни амалга ошириш имконияти яратилиши мумкин, деб хабар бермоқда “Обручевский меридиан” газетаси.

Учрашувда чиқиш қилган Азиз Абдуҳакимовнинг эслатишича, Россия ҳудудида Ўзбекистондан бўлган қарийб 1,6 млн. меҳнат мигранти бор, ҳамда республика уларнинг хорижда ишлашида қонунга риоя этилишидан манфаатдор.

SHARE