Конституциявий суд раиси ўринбосари Бўритош Мустафоев вафот этди

2017 йил 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари Бўритош Мустафоев вафот этди. Бу ҳақида Конституциявий суд расмий сайтида маълум қилинган.

“Бўритош Мустафоев оқил ва олийжаноб, Ватанни самимий севадиган ва халқи учун жонкуяр инсон эди. У мамлакатимизда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга, ҳуқуқ тизимининг шаклланиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшган”, дейилади хабарда.

Бўритош Мустафоев 1949 йилда Самарқанд вилояти, Хатирчи туманида туғилган.  1971 йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини “ҳуқуқшунослик” мутахассислиги бўйича тугатган. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари,  Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси лавозимларида ишлаган.

Шу пайтга қадар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари вазифасини бажариб келаётган эди. У Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист.

II даражали “Шон-шараф” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган. Олти фарзанднинг отаси эди.