Нурсултон Назарбоев қозоқ алифбосини лотин ёзувига ўтказишга топшириқ берди

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ҳукуматга қозоқ алифбосини лотин ёзувига ўтказиш графигини тузишни топширди.

«Биз лотин ёзувига ўтиш бўйича тайёргарлик ишларини бошлаймиз. Ҳукумат қозоқ тилини лотин алифбосига ўтказиш графигини тузиши керак», — дейилади Назарбоевнинг «Егемен Казахстан» газетасидаги муаллифлик мақоласида.

«2017 йил охиригача олимлар ва жамоатчилик вакиллари билан маслаҳатлашувлардан кейин янги қозоқ алифбосининг ягона стандарти ва лотин ёзуви графикалари ишлаб чиқилиши керак», — дея қайд этди давлат раҳбари.

«2018 йилдан янги алифбони ўқитиш учун мутахассислар тайёрлансин ва ўрта мактаб учун дарсликлар чиқарилсин. Яқин икки йилда ташкилий ва услубий ишлар олиб борилиши керак», — дея қўшимча қилди у. Шу билан бирга, Назарбоев дастлабки вақтларда лотин ёзуви билан бир қаторда кирилл ёзуви ҳам қўлланилишини таъкидлади.

SHARE