Чет эл олий ўқув юртларининг дипломларини нострификация қилиш соддалаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида низомга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, хорижий давлатларнинг умумий ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Хорижий давлатларнинг тўлиқ ўрта (тўлиқсиз ўрта, ўрта) маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан хорижий давлатларнинг ўрта таълим муассасаларида 10, 11, 12 ва ундан юқори синфларда таълим олган талабгорларнинг ҳужжатлари таълим олганлик тўғрисидаги баҳолар табели (маълумотнома) ёки шаҳодатномага асосан тан олинади ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) бўйича тегишли хулоса қабул қилинади. Бунда 10 ва 11-синф битирувчисининг маълумот тўғрисидаги ҳужжатлари тегишли равишда академик лицейнинг 1 ва 2-босқичини тугатганлигига ҳамда 12 ва ундан юқори синф битирувчисининг ҳужжатлари ўрта махсус маълумотга тенглаштирилади.

Хорижий давлатларнинг умумий ўрта таълим ва тўлиқ ўрта (тўлиқсиз ўрта, ўрта) маълумот тўғрисидаги ҳужжатларини тан олиш тегишли комиссиялар томонидан ариза ва маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси, унинг нотариал тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси асосида мурожаат қилинган кундан бошлаб энг кўпи билан икки ҳафта муддатда амалга оширилади.

Комиссия хулосаси Бошқармага юборилади ва уч кун муддат ичида тегишли қарор қабул қилишга асос бўлади. Комиссиялар бутун ўқув йили давомида фаолият кўрсатади ва ўз иши ҳақида Бошқармага ҳисобот беради.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойиш ва баённомалари асосида хорижий давлатларда таълим олган;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритишига рухсат этилган хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларида таълим олган;

мутахассисларни мақсадли тайёрлаш учун хорижий давлатлар томонидан ажратилган квоталар (грантлар)га мувофиқ тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг йўлланмалари асосида таълим олган;

халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 500 талик рўйхатига киритилган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест марказининг қўшма қарори билан ҳар йили рўйхати тасдиқланадиган таълим муассасаларида таълим олган битирувчиларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари.

Ўзбекистон Республикаси Давлат тест маркази ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тегишли хорижий давлатларнинг давлат рўйхатида турган (легализация ёки аккредитация қилинган) ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари тўғрисидаги маълумотни олдиндан тайёрлаб қўйишлари лозим. Бунинг учун юқорида номлари қайд этилган идоралар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда элчихоналар ва ваколатхоналарга мурожаат қилишлари мумкин.

Хорижий давлатларда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) ҳақидаги 2-иловага мувофиқ шаклдаги аризага қуйидагилар илова қилинади:

ҳужжат эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асл нусхаси (ўтилган ўқув курслари ва уларнинг ҳажми, якуний баҳолар, амалиёт, курс ва битирув малака ишлари рўйхати, ўқув жараёнининг бошқа бажарилган талаблари кўрсатилиши лозим);

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Ариза қабул қилингандан кейин маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асли ҳужжат эгасига қайтарилади.

SHARE