ОАВ: Швециядаги терактда гумонланиб қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси эканлиги айтилмоқда

    Полиция Стокгольмдаги теракт бўйича гумон қилинаётган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда RBC хабар бермоқда.

    Швеция прокуратураси вакили Карин Росандернинг маълум қилишича, бир киши террорчилик жиноятлари ва қотилликларни содир этиш гумони остида «кейинги текширувларни ўтказиш мақсадида» қўлга олинган.

    SVT телеканалининг иккинчи гумонланувчи қўлга олингани ҳақидаги хабари полиция томонидан ҳозирча тасдиқлангани йўқ.

    Ҳибсда сақланаётган эркак полиция томонидан 7 апрель оқшомида қўлга олинган. Қайд этишларича, унинг ташқи кўриниши сурати ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тарқатилган шахсникига ўхшаш.

    Aftonbladet нашри маълумотларига кўра, ҳибсга олинган шахс – Швецияда истиқомат қилиб келатёган, 39 ёшли Ўзбекистон фуқаросидир. У, гўёки, терактни содир этганликдаги айбини тан олган. Ҳибсдаги эркакнинг таниши сўзларига кўра, гумонланувчининг тўрт нафар фарзанди бор ва у ҳеч қачон дин ва сиёсат ҳақида гапирган эмас.

    Ҳозирча мазкур маълумот расман тасдиқлангани йўқ.

    7 апрель куни Стокгольм марказидаги пиёдаларнинг асосий кўчасида юк машинаси одамларнинг устига босиб бориб, охири универмаг ойнасига бориб урилган. Ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани ва 15 киши жароҳат олгани айтилмоқда.

    SHARE