Ўзбекистон ва Россия 4 миллиард доллардан зиёд миқдордаги шартномаларни имзолайди

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга амалга ошириши кутилаётган давлат ташрифи доирасида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида 4 млрд доллардан зиёдроқ миқдордаги икки томонлама маҳкамалараро ҳужжатларнинг имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар қилди.

    Газета.uzсайтининг хабар беришича, Президент ташрифига тайёргарлик учун аввалроқ Москвага борган бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси вакиллари 3 апрель куни ҳужжатларнинг бир қисмига виза қўйди, бироқ асосий пакет 4−5 апрель кунлари бўлиб ўтажак ташриф жараёнида имзоланади.

    Хусусан, «УГМК-Холдинг» (Ураль тоғ-металлургия компанияси) билан Ўзбекистондаги Тебинбулоқ конида пўлат ишлаб чиқаришни ташкил этган ҳолда ванадий сақловчи титанмагнетит рудаларини қайта ишлаш бўйича 1,5 млрд долларлик лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги меморандум имзоланиши кутилмоқда.

    Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Газпромбанк» ва Россия Экспорт-кредит банки Ўзбекистондаги инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича 500 млн долларлик шартномани имзолайди.

    Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати (ОТМК) ва «РИВС» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси мис-бойитиш мажмуаси қурилиши бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги 500 млн долларлик битимни имзолайди. «Асака» банки ва «Газпромбанк» Тошкентда металлургия заводи қурилиши лойиҳасини молиялаштириш бўйича 88 млн долларлик шартномани имзолайди.

    Бундан ташқари, Россияга янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 612 млн долларлик шартнома, «Ўзбекнефтгаз» компанияси ва Россия Энергетика вазирлиги ўртасида Ўзбекистонга 225 млн долларлик Россия нефтини етказиб бериш бўйича меморандум ҳамда ОТМК ва «ИЗКАРТЭКС» экскватор заводи ўртасида экскватор техникаларини етказиб бериш бўйича 100 млн долларлик шартномалар имзоланади.

    SHARE