Ўзбекистонда хусусий тиббиёт муассасаларига тиббий хизматларнинг деярли барча турларини кўрсатишга рухсат берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Хусусан, айни пайтгача хусусий тиббиёт муассасаларига 177 турдаги тиббий хизматларнинг атиги 50 тасига рухсат этилган бўлиб, қолганлари тақиқланган эди. Мазкур қарорга биноан энди уларга тиббий хизматларнинг деярли барча турларини кўрсатишга рухсат берилди.

Рухсат этилган тиббий хизмат турларига кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, микрожарроҳлик, онкология, анестезиология ва реаниматология, гельминтология, интервицион кардиология, иммунобиологик ва иммунофермент ташхис қўйиш, қон-томир, торакал ва абдоминал жарроҳлик ва тиббиёт соҳасида талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар киритилди.

Шуни қайд этиш лозимки, агар аввал қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларида хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари тасдиқланган бўлса, энди фақат давлат соғлиқни сақлаш муассасалари амалга ошириши мумкин бўлган ва хусусий тиббиёт муассасалари учун тақиқланган айрим чекланган фаолият турлари тасдиқланмоқда.

Ушбу фаолият турлари аҳоли ҳаёти, саломатлиги ва санитария-эпидемиологик ҳолатига катта хавф туғдириши мумкин бўлган, жумладан, ўта юқумли, хавфли ва карантин касалликларга ташхис қўйиш ва даволаш, токсикологик, венерик ва руҳий хасталиклар, чақалоқлар ва 1 ёшгача бўлган болалар касалликлари ва патологиясини даволаш, туғруқни қабул қилиш ва ҳомиладорликни тўхтатиш, органларни кўчириш, қон донорлигини ташкил этиш ва бошқа ўзига хос йўналишлар билан боғлиқдир.

SHARE