Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга: “Биз бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришни давом эттирамиз”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга мактуб йўллади. Мактуб матни ЎзА сайтида эълон қилинди.

“Сизга ва Сизнинг тимсолингизда бутун Америка халқига янгиланиш, фаровонлик ва уйғониш фасли бўлган Наврўз байрами муносабати билан йўллаган самимий табрик ва эзгу тилакларингиз учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этаман”, дейилади, жумладан, мактубда.

Шавкат Мирзиёев Америка раҳбари шахсий муносабатини юксак қадрлашиеи, Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хусусан, мамлакатларимиз бизнес доираларининг яқин алоқаларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

“Ўзбекистон билан Американинг стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, айниқса, минтақавий ва халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги долзарб масалалар бўйича ёндашувларимизнинг муштараклиги мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли муносабатларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишига ишонаман”, дейилади мактубда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон амалга оширилаётган чуқур ва кенг кўламли ислоҳотларни юксак эътироф этгани учун Трампдан миннатдорлигини айтган. “Биз фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва аҳоли ҳаёт даражасини тубдан ошириш бўйича танлаган йўлимизни қатъий ва изчил давом эттирамиз”, дейилади мактубда.

SHARE