“Газпром” Ўзбекистон газини харид қилиш бўйича беш йиллик битим имзолади

    Россиянинг “Газпром” компанияси Ўзбекистон газини беш йил давомида харид қилиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақида Россиянинг «Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг маълум қилган.

    “Суҳбатимиз ғоят мазмунли бўлди. Ўзбекистон ҳудудидаги йирик лойиҳаларни ишга тушириш масалаларини муҳокама қилдик. Ўзбекистон газини беш йил давомида харид қилиш бўйича келишувга эришдик. Ушбу масала юзасидан яқин орада шартнома тузиш режаси кўриб чиқилди. Қайд этиш жоиз, мазкур келишув мамлакатларимиз ўртасида газ соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлигимизнинг янги саҳифасини очади. Келгусида бу йўналишдаги алоқаларимизни янада ривожлантириш ниятидамиз”,  деди “Газпром” раҳбари.

    Унинг айтишича, айни пайтда компания томонидан Устюртдаги “Жел” конида газ конденсатини ўзлаштириш бўйича техник вазифа тайёрлаш ишлари давом этмоқда. “Шахпахти” кони биргаликда ўзлаштирилмоқда.

    Reuters ахборот агентлигининг маълум қилишича, “Газпром” компанияси 2017 йилда 5 миллиард метр куб газ харид қилади. Ўтган йили бу кўрсаткич 6,2 миллиард метр кубни ташкил қилган эди.

    SHARE