Telegram мессенжерида қўнғироқ қилиш имконияти пайдо бўлди

    Telegram мессенжерида қўнғироқ қилиш имконияти пайдо бўлди. Эндиликда ушбу ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари нафақат оддий хабарлар, балки овоз хабарлар орқали ҳам мулоқот қилишлари мумкин. Қўнғироқ iOS ва Android платформаларида ишлайди. Ҳозирча фақат Ғарбий Европа мамлакатлари фойдаланувчилари ушбу хизматдан фойдаланишлари мумкин. Қолган ҳудудлар кейинчалик қўшилади.

    Телеграмда сизга ким қўнғироқ қилиши мумкинлиги белгилаб қўйиш мумкин. Бунинг учун ҳаммага, ҳеч кимга ёки контактлар рўйхатидаги кишиларгина қўнғироқ қилиши мумкинлигини қурилмада белгилаб қўйиш лозим бўлади. Муайян бир фойдаланувчини телефон қилишдан мосуво қилиш ҳам мумкин.

    Telegram дастурчиларининг айтишича, барча қўнғироқлар шифрланган. Сиз айнан ўзингиз истаган одам билан гаплашаётганингизга ишонч ҳосил қилиш учун экранларда эмодзиларни солиштиришнинг ўзи етарли бўлади.

    2017 йилнинг январь ойи ҳолатига кўра Telegram энг оммабоп бўлган мамлакат Эрон бўлиб турибди — мамлакат интернет фойдаланувчиларининг 44,7 фоизи Telegram’дан фойдаланади.

    Иккинчи ва учинчи ўринлардан мос равишда Малайзия ва Ўзбекистон жой олган. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатида аҳолининг 18,3 фоизи, Ўзбекистонда 16,2 фоизи Telegram’дан мунтазам фойдаланади.

    SHARE