Ўзбекистонда Шароф Рашидов таваллудининг юз йиллиги нишонланади

Ўзбекистонда атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги нишонланади. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори эълон қилинди.

Қарорда Шароф Рашидовнинг “республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган”и эътироф этилган.

Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади.

Унга кўра, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси барпо этилади ва ҳайкали ўрнатилади.

Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида Жиззах шаҳрида унинг мемориал уй-музейи ташкил этилади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан адибнинг “Сайланма” китоби чоп этилади.

Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” номли хотира китоби нашрга тайёрланади ва чоп этилади.

Қарорда бошқа чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган.

SHARE