Ўзбекистон Қозоғистон орқали йилига беш миллион тоннагача нефть олиб киришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташриф доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Бизнес-форумда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 500 дан ортиқ ишбилармонлари иштирок этди. Уларнинг якунлари бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган савдо шартномалари ва инвестициявий битимлар имзоланди.

Ана шундай битимлардан бири нефть-газ соҳасига оиддир. “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси Алишер Султоновнинг айтишича, Президентнинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида Остонада бўлиб ўтган бизнес-форум улкан аҳамиятга эга бўлди. “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси томонидан “Казмунайгаз”, “Казтрансгаз” ва “Казтрансойл” компаниялари билан музокаралар олиб борилди.

Ушбу учрашувлар давомида эришилган келишувлар орасида Омск-Павлодар-Чимкент нефть қувури тармоғи орқали нефтни қайта ишловчи заводларимизни хомашё билан таъминлашга оид шартномани алоҳида қайд этиш зарур.

Бу келишув яқин истиқболда Россия ёки Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган нефтнинг бир миллион тоннасини Ўзбекистонга етказиб бериш имконини беради. Келгусида ушбу кўрсаткични йилига беш миллион тоннагача етказиш кўзда тутилмоқда. Мазкур истиқболли лойиҳа Жиззах вилоятида барпо этилаётган нефтни қайта ишлаш заводини зарур хомашё билан таъминлашга хизмат қилади. Бу объектни 2020 йил охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Эксперт фикри:

Ўзбекистон қўшниларнинг нефть хом ашёсига кўз тикмоқда