Бухорода чет тилларида гаплаша олувчи туристик милиция гуруҳи тузилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017—2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик имкониятларини жадаллик билан ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси тақдим этилди. Бу ҳақда «Nuz.uz» хабар бермоқда.

Лойиҳага биноан Бухоронинг ўзида кичик ҳалқа йўли яратилиб, у юк автомобиллари ҳаракати учун мўлжалланади. Йўллар ва пиёда йўлкалари таъмирланади. Шунингдек, шаҳарнинг ёритиш тизими тўлиқ модернизация қилинади.

Шунингдек, лойиҳа Самарқанд, Хива ва Бухорони боғловчи асосий автомагистраллар таъмирланиши ҳамда Бухоро ва Хоразм вилоятларини боғловчи электрлаштирилган темирйўл қурилишини тезлаштиришни кўзда тутади.

2018 йилдан бошлаб Бухорода туристик милициянинг тажрибавий гуруҳи ўз фаолиятини бошлайди. Чет тилларини билувчи ушбу милиция ходимлари шаҳар меҳмонларига ёрдам беради.

«Арк» мажмуаси ички ҳовлисининг бузилган қисми 2021 йилгача қайта тикланади, мажмуанинг ўзи эса тўлиқ таъмирланади. 2018—2027 йилларда вилоятнинг бошқа тарихий ёдгорликлари ҳам таъмирланади.

SHARE