Ўзбекистонда меҳнат миграцияси тўғрисида қонун қабул қилинади

Ўзбекистонда “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу ҳақида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган.

Қонун меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларни чет элларда ишга жойлаштиришнинг механизм ва шакллари, меҳнат мигрантлари билан ишлаш соҳасидаги дипломатик ваколатхоналарининг асосий фаолият йўналишлари, чет элда Ўзбекистон фуқароларининг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича чора-тадбирларни назарда тутади.

Унга мувофиқ, ҳудудларда фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги Бюро, шунингдек ишга жойлаштирилаётган фуқароларга ўзини тутиш этикаси, бораётган мамлакатнинг маданияти ва тили, қонунчилиги асосларига ўргатишни юклаган ҳолда Чет элларга кетаётган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш марказининг ҳудудий тузилмалари ташкил этилади.

Фуқароларга чет элда ишга жойлашиш учун рухсатномаларни бекор қилиш ва хорижий мамлакатларга чиқувчи фуқароларни ҳисобга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий қилинади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижий мамлакатларга (АҚШ, Канада, Япония, ЕИ ва Форс кўрфази мамлакатларига) ишга юбориш ҳажми ва йўналишини кенгайтириш мақсадида хорижий мамлакатларнинг ваколатли органлари билан музокаралар ўтказиш кўзда тутилади.

 

SHARE