Ўзбекистон — Қозоғистон: Шавкат Мирзиёев прагматик ташқи сиёсатни намойиш этмоқда

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Икки мамлакат раҳбарлари ҳам ушбу ташрифни “тарихий аҳамият”га эга эканлигини қайд этишмоқда.

    Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни Қозоғистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасидаги мулоқотларнинг изчил давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.

    “Сизнинг ташрифингиз Наврўз байрами кунларига тўғри келгани қадамингиз қутлуғ эканидан далолатдир. Қозоғистон билан Ўзбекистон муносабатлари ҳар доим дўстона ва самарали бўлган. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, менинг қадрдон дўстим Ислом Каримов улкан ҳисса қўшган бундай яқин ҳамкорликни Сиз билан изчил давом эттирмоқдамиз. Кейинги ойларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 30 фоиз ўсгани, ўзаро янги маҳсулотлар етказила бошлагани бунинг тасдиғидир. Ташрифингиз доирасида ўтган бизнес-форумда қарийб 1 миллиард долларлик келишувларга эришилган. Сизнинг ушбу тарихий ташрифингиз мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаради”, – деди Қозоғистон раҳбари.

    akorda.kz

    Илгари бўлмаган…

    Шавкат Мирзиёев ўзаро учрашув чоғида Нурсултон Назарбоевни Ўзбекистонга таклиф қилди. «Сиз, Нурсултон Абишевич, ўтган йилнинг сентябрь ойида Самарқандга ташриф буюриб, Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳар доим бирга бўлиши ҳақида айтгандингиз. Яхши вақтда бирга хурсанд бўламиз, мушкул дамларда биргаликда қайғурамиз. Бу сўзлар бизни яқинлаштирди. Сизнинг сўзларингиз орқали бутун ўзбек халқи ҳақиқий дўстнинг елкасини ҳис қилди. Сиз Ҳайит куни Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти, дўстингиз Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида атайлаб келдингиз. Ўшандан бошлаб бизда умуман ўзгача ўзаро муносабатлар бошланди. Сизнинг сўзларингиз, ташрифингиз ва бизнинг дўстона муносабатларимиз, ҳозир ўзингиз айтганингиздек, беш ой давомида ҳаммаси биз билан худди биринчи бора рўй бераётгандек», деган Мирзиёев тор доирасидаги учрашув вақтида.

    Унинг таъкидлашича, ўзбекистонлик 250 нафар атрофидаги тадбиркор Остонадаги қўшма форумда иштирок этади.

    «Бу сиз биринчи президент Ислом Абдуғаниевич билан ташкил этган асосни яратмоқда. Бу кўприк ва бу асос мустаҳкамланади. Биз ҳар доим Қозоғистонни энг яқин, ишончли қўшни сифатида кўрамиз. Бу бизнинг энг биринчи ташрифларимиздан бири экани, бугун Остонада эканлигимиз, кўп нарсадан далолат беради. Албатта, кеча музокараларни бошладик ва бугун ўзаро муносабатлар истиқболлари ҳақида суҳбатлашамиз. Илк бора бизнинг делегациямиз сафида парламент раҳбарлари, мудофаа вазирлиги раҳбарияти бор, бундай маҳкамалар билан шундай қалин ҳамкорлик ҳеч қачон бўлмаган», – дея қўшимча қилиб ўтди Мирзиёев.

    «Музокараларни кечанинг ўзида бошлаб юбордик. Чегараларни очиш бўйича ишлар бажарилди, транспорт ва савдо соҳасидаги ўзгаришлар давлатларимиз ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширмоқда. Янги турдаги маҳсулотларни етказиб бериш йўлга қўйилди. Бугун катта бизнес-форум бўлиб ўтмоқда, икки томондан 500 бизнесмен қатнашмоқда. Менга айтишларича, қарийб 1 миллиард долларлик 75 та шартнома тузилади. Бу сўнгги йиллар ичида тарихимизда биринчи марта кузатилмоқда», — деди Назарбоев.

    Дипломатия савдо-сотиққа йўл очади

    Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатларга илк ташрифи аслида рамзий маъно аҳамият касб этиши керак бўлса-да, лекин амалий ва прагматик жиҳатлари билан яққол кўзга ташланаяпти. Бу аввало икки мамлакат иқтисодиёти учун хизмат қиладиган лойиҳаларда намоён бўлмоқда

    Чегарада махсус иқтисодий зоналар ташкил этилади

    Ўзбекистонда Қозоғистон билан чегара яқинида махсус иқтисодий зоналар ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов маълум қилган.

    «Албатта, биз кўриб турибмизки, давлатларимиз ўртасида имзоланган 170та келишув икки мамлакат ҳамкорлиги ривожланиши учун жиддий қонуний асос бўлади. Бу ўринда давлатларимиз Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларида янги корхоналарни ишга тушириш учун улкан имкониятлар мавжуд. Ўзбекистонда айни пайтда ҳам саноат ва эркин иқтисодий зоналар фаолият кўрсатмоқда. Аммо биз янгиларини очишни режалаштирганмиз. Албатта, бу зоналар Қозоғистон билан чегаралардан узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашади. Албатта сизнинг бизнесиниз бу лойиҳага жалб этилиши сиз ва бизни глобал бозорда янада рақобатбардош кучга айлантиради», дея Шайховнинг сўзларини келтирган «Казинформ».

    Унинг сўзларига кўра, бизнес-форум доирасида ташкил этилган кўргазмада қатнашаётган 200дан ортиқ компания Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятининг маълум бир қиррасини намойиш этади, холос.

    Шуни қайд этиш керакки, Қозоғистон қўшни мамлакатлар билан махсус савдо, иқтисодий зоналар ташкил қилиш бўйича тажрибага эга. Ушбу мамлакат билан Хитой ўртасида учта махсус савдо зоналари мавжудлиги ҳам буни тасдиқлайди. Бундай зоналар инвестиция ва ресурслар, хом ашёни учраштириши билан катта аҳамиятга эга.

    Ўзбекистон ва Қозоғистон Россия ва Хитой бозорларини биргаликда тўлдирмоқчи

    Қозоғистонлик тадбиркорлар ўзбекистонлик ҳамкасбларига Хитой ва Россия бозорларини тўлдириш учун кооперация асосида бирлашишни таклиф этишди. Бу ҳақда «Казинформ» хабар берган. «Қозоғистоннинг ёнида иккита жуда катта бозор жойлашган: Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси бозорлари. Бу жуда катта бозорлар бўлиб, уларни фақатгина Қозоғистон тадбиркорлари кучи билан ўзлаштириш жуда мураккаб, сабаби бу мамлакатлардан келадиган буюртмалар ҳажми жуда катта. Албатта, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасидаги кооперация бу бозорларга чиқиш учун катта имкониятни тақдим этади», – дея хабар қилди «Атамекен» миллий ишбилармонлар палатаси бошқаруви раиси Нуржон Алтаев қозоқ-ўзбек форумида чиқиш қилиб.

    Унинг таъкидлашича, айни дамда Ўзбекистонда Қозоғистон иштирокидаги 230 корхона фаолият олиб борса, Қозоғистонда – Ўзбекистон резидентлари иштирокидаги 130дан ортиқ корхона ишламоқда.

    «Бу кўрсаткичларни бир неча баробарга ошириш мумкин. Биз жуда катта салоҳиятни кўрмоқдамиз. Ҳар икки давлат бизнесни ривожлантириш учун катта имкониятга эга: бу ҳам ер, ҳам инсон ресурслари, ҳам саноат салоҳияти, ҳам истиқболли ички минтақавий бозор (мамлакатларимиз аҳолиси сони 50 миллионга яқинлашиб келмоқда)», – дея қўшимча қилиб ўтди Алтаев.

    Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи доирасида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида 840 млн доллардан ортиқ 92та келишув имзоланди. Бугун форум якуни бўйича қиймати 94 млн доллар бўлган ўнта ҳужжат имзоланади.

    akorda.kz

    Ўзаро савдо-сотиқ учун тўсиқлар бартараф этилди

    Остона ва Тошкент икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларда ҳамкорлик қилиш борасида Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардир. Давлатлар ўртасида ўтган йили маҳсулот айланмаси ҳажми 2 миллиард долларга яқинни ташкил қилган. Савдо ҳажми ўсиши 16 фоизга тенг бўлган.

    Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев охирги вақтларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар бутунлай янги босқичга ўтганини қайд этган. «Фақат охирги 5 ойда давлатларимиз ўртасида маҳсулот айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ўсган, янги маҳсулотларни етказиб бериш йўлга қўйилган. 4та савдо уйи очилди, Ўзбекистонга буғдой экспорти ҳажми 30 фоизга ортди, Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар импорти ҳажми 25 фоизга ўсди. Бу эса Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти савдо учун барча имкониятларни очиқ қилиб қўйгани ва тўсиқларни олиб ташлагани эвазигадир», дея қайд этган Назарбоев.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мева ва сабзавотларини Қозоғистон орқали бошқа мамлакатлорга реэкспорт қилинаётганини кўп таъкидлаб келарди.

    akorda.kz

    Ўзбек машинаси Қозоғистонда йиғилади

    Қозоғистон ўзбек автомобиль саноати билан ҳамкорликда йиғиш корхонасини ташкил этишни режалаштирмоқда, деб хабар берди «Казинформ».

    «Бугун форум якуни бўйича қиймати 94 млн доллар бўлган ўнта ҳужжат имзоланади. Улардан баъзи бирлари ҳақида тўхталиб ўтишим мумкин: бу ўзбек автомобиль саноати билан ҳамкорликда йиғиш корхонасини ташкил этиш, фармацевтика йўналиши бўйича келишув», – дея хабар берди «Атамекен» миллий ишбилармонлар палатаси бошқаруви раиси Нуржон Алтаев Остонадаги қозоқ-ўзбек форуми доирасида.

    Ўзаро товар айирбошлаш 5 миллиард долларга етказилади

    Бугунги кунда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми тахминан 1,5 млрд долларни ташкил этади. Яқин йилларда бу рақамни 5 миллиардга қадар ошириш режалаштирилмоқда.

    akorda.kz

    Чегаралардан ўтиш осонлашади

    Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида икки янги ўтказиш пункти пайдо бўлади, амалдаги учтаси эса – кечаю-кундузлик режимга ўтказилади.

    «Биз мамлакатларимиз ўзаро алоқалари учун барча чораларни кўрмоқдамиз. Ўзбекистон билан чегарада икки қўшимча ўтказиш пунктини очиш, шунингдек амалдаги автомобилларни ўтказиш учта пунктини кечаю-кундузлик иш режимига ўтказиш режалаштирилмоқда», – дея хабар берди Қозоғистон инвестициялар ва ривожланиш бўйича вазири Женис Касимбек Остонадаги Қозоғистон — Ўзбекистон форумида.

    Шунингдек унинг хабар қилишича, Қозоғистон пойтахтидан Тошкентга икки авиарейс йўлга қўйилади.

    “Яқинда Олмаота-Тошкент, Тошкент-Олмаота тезюрар поезди йўлга чиқарилди, ҳозирнинг ўзида унга чипталар топиб бўлмаяпти. Остонадан Тошкентга бир ҳафтада қўшимча иккита рейс парвоз қилади. Яъни, Олмаотадан 12та рейсга эга бўлсак, Остонадан 6та бўлади – деярли ҳар куни”, – дея қўшимча қилиб ўтган вазир.

    Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент – Олмаота тезюрар поезди ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновининг йўлга қўйилгани транспорт коммуникациясини янада кенгайтиради, ҳудудлараро алоқалар, савдо ва туризм ривожига хизмат қилади.

    Хулоса қилиб айтганда, Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи рамзий ташрифдан кўра амалий ва самарали ташрифлигини, Ўзбекистон раҳбарининг прагматик ташқи сиёсат олиб боришга бўлган интилишини кўрсатади.

    ЎзА, Kazinform, Tengrinews, Kun.uz, Daryo.uz сайтлари хабарларидан фойдаланилди.