Ўзбекистон 2017 йилда импорт ҳажмини 1 миллиард долларга қисқартиради

Ўзбекистон 2017 йилда 1,1 млрд АҚШ долларидан зиёдроқ ҳажмдаги импортни қисқартиришни мўлжалламоқда. Бу ҳақда сешанба куни Тошкентда Иқтисодиёт вазирлиги ўтказган матбуот анжуманида хабар қилинди. Импорт ҳажми маҳаллийлаштирилган товарларни харид қилиш ва импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳисобидан қисқартирилади

Газета.uz хабар беришича, жорий йилда 6,5 трлн сўмлик ҳажмдаги маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи 960 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, миллий ишлаб чиқарувчиларга 122 турдаги харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқариш белгилаб олинган.

Ҳар йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 900 млрд сўмдан ошувчи 400 дан зиёдроқ лойиҳалар тегишли имтиёз ва преференцияларга эга маҳаллийлаштириш дастурига киритилади. 2019 йилга қадар эса умумий ишлаб чиқариш қуввати 3,4 млрд долларга тенг 1146 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Импорт таҳлили бўйича, сўнгги уч йил давомида 100 дан зиёд маҳсулотлар гуруҳлари бўйича импорт тўлиқ тўхтатилган. 350 дан зиёд маҳсулотлар, жумладан, телевизорлар, кондиционерлар, совуткич ва музлаткичлар, чангюткичлар, хўжалик лампалари, автомобиль фильтрлари ва радиаторлари, қувурлар, керамик плиткалар, линолеум, сунъий толали матоларнинг алоҳида турлари, полиграфия бўёқлари, тиббиёт ампулалари, болалар ўйинчоқлари, спорт инвентарлари ва бошқалар импорти ҳажми икки баробарга камайди.

SHARE