Ўзбекистон қўшниларнинг нефть хом ашёсига кўз тикмоқда

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати нефть хом ашёсини импорт қилиш жараёнига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада катта нефть захираларига эга қўшни мамлакатлар, шунингдек, Россия билан музокаралар олиб борилмоқда.

Нефть мустақиллиги узоққа чўзилмади

Мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистонга Россиядан йилига 4,5 миллион тонна нефть келтирилган. Ислом Каримов 1996 йилдан бошлаб халқ хўжалик эҳтиёжларини тўла ўз нефть маҳсулотлари билан таъминлаш талабини қўйган. Ушбу мақсадда мамлакатда Бухоро нефтни қайта ишлаш, Фарғона нефтни қайта ишлаш, Олтиариқ нефтни қайта ишлаш заводлари модернизация қилиниб, янги қувватлари ишга туширилди. Уларнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 11 миллион тоннадан ортиқни ташкил қилади.

Турли манбаларда қайд этилишича, мамлакатнинг аниқланган нефть захиралари 81 миллион тонна (2011 йил)ни ташкил қилади. Лекин уларни қазиб олиш йилдан-йилга камайиб бормоқда. Масалан, 2011 йилда 3,5 миллион тонна нефть қазиб олинган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 2,9 миллион тоннани ташкил қилмоқда.

Мамлакатда нефть маҳсулотларининг 52 фоизи транспорт соҳасида, 16 фоизи қишлоқ хўжалигида, 13 фоизи электр энергетика соҳасида, 5 фоизи саноат корхоналарида истеъмол қилинади.

Нефть қазиб олишнинг кескин камайиб бориши, бундан ташқари, мамлакат иқтисодиёти истеъмол қувватининг ошиши нефть мустақиллигини унутишга сабаб бўлди. Шу сабабли ҳам 2003 йилдан Ўзбекистон нефть импортини қайта тиклашга мажбур бўлди.

Бензин тақчиллиги ва параллел нархлар

Охирги йилларда пойтахт ва вилоятларда бензин тақчиллиги масаласи тез-тез кун тартибига чиқа бошлади. Гарчи “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ компанияси бензин барча АЁҚШларга етарли миқдорда етказиб берилаётгани, бироқ харидорларнинг ўзи эҳтиёжларидан ортиқ ёқилғи сотиб олаётганини таъкидлаб келса-да, аксарият ёқилғи қуйиш шахобчалари кечки 18-00дан кейин, бензин қолмагани сабабли мижозларга хизмат қилишни тўхтатишга мажбур бўлган ҳолатлар қайд этилган.

«Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси мазкур вазиятни барқарорлаштириш учун нефтни қайта ишлаш заводларида автобензин ишлаб чиқариш миқдорини мумкин қадар кўпайтириш, шу жумладан, четдан қўшимча миқдорда углеводород хом ашёсини келтириш ва истеъмолчиларни автобензин билан тегишли миқдорда таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўраётганлигини маълум қилиб келади.

Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбари этиб сайлангач, Ўзбекистон нефть ва нефть маҳсулотлари тақчиллиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, мавжуд нефтни қайта ишлаш заводлари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида нефть хом ашёси импорти имтиёзли асосда йўлга қўйиш имкониятларини изламоқда.

Арзон нефть излаб…

Россия

2016 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати Россия нефтини нефть қувури орқали экспорт божхона тўловларисиз етказиб беришни ташкил этиш бўйича Россия ҳукуматига мурожаат қилган. Аммо Россия «Омск-Павлодар-Чимкент-Зафаробод» қувури бўйича нефтни юбориш учун техник имкониятларни топа олмаган.

Туркманистон

Шу йилнинг март ойи бошида Туркманистонга давлат ташрифи билан борган Шавкат Мирзиёев учрашувларда Ўзбекистонга туркман нефтини тўғридан-тўғри импорт қилиш бўйича келишувга эришган.

Туркманистондан юртимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар келтирилади. “Ташриф доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига нефть етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик. Бу иқтисодиётимизга, компаниямизга жуда катта фойда келтиради. Орадиган турли воситачилардан воз кечиб, биз тўғридан-тўғри нефть қазиб олаётган компаниялардан сотиб оламиз. Бу дегани маҳсулотнинг таннархини камайтириш имконини беради”, дейди “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси Алишер Султанов.

Қозоғистон

Маълумки, шу йилнинг 22-23 март кунлари Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан боради. Ушбу ташриф доирасида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи учун нефть хом ашёси импорти масаласи кўриб чиқилиши режалаштирилган.

“Президентлар учрашувида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига нефть хом ашё импорт қилиш муҳокама қилинади. Биз ҳозирда Ўзбекистонга йилига 170-200 минг тонна нефть етказиб бермоқдамиз, бироқ улар томондан 2 млн тонна сўралмоқда”, деб айтган Қозоғистон энергетика вазири Канат Бўзумбаев Informburo.kz порталига берган интервьюсида. Бўзумбаевнинг айтишича, Қозоғистон Ўзбекистон яхши нарх таклиф қилса, бунга рози бўлишга тайёр.

Айрим экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон келажакда Эрондан ҳам нефть хом ашёсини импорт қилиш имкониятларини кўриб чиқиши мумкин. Энг муҳими, мамлакат ушбу масалада битта давлатга боғлиқ бўлиб қолишни истамайди ва импорт бозорларини диверсификация қилган ҳолда танлайди.

SHARE