Америка компанияси Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 март куни АҚШнинг етакчи компанияларидан бири «General Electric» компанияси вице-президенти Рональд Жеймс Поллеттни қабул қилган эди.

Рональд Жеймс Поллетт Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик мактуби йўллаган. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

“General Electric” компанияси вице-президенти ўз мактубида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул, мазмунли ва самарали мулоқот учун миннатдорлик билдириб, мазкур учрашув энергетика, нефть-газ, транспорт, соғлиқни сақлаш ва авиация соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш имконини берганини алоҳида қайд этган.

Рональд Жеймс Поллетт мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан «General Electric» компанияси ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берганини, мазкур ҳужжат Ўзбекистон иқтисодиётини тез суръатлар билан модернизациялаш, технологиялар ва инвестицияларни жалб этишга хизмат қилишини таъкидлаган.

“General Electric” вице-президенти мазкур компания Ўзбекистонга нафақат юқори технологик ускуналарни етказиш, балки маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганиш, глобал таълим ресурслари ва «General Electric» компанияси мезонларидан фойдаланган ҳолда мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга оид дастурларни амалга оширишдан ҳам манфаатдор эканини қайд этган.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар самаралари, сармоядорлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳит ва имтиёзлар кўплаб мамлакатлар қатори АҚШ ишбилармонларининг ҳам мамлакатимиз билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга бўлган қизиқишини тобора оширмоқда.

Ўзбекистонда АҚШнинг «Boeing», «General Motors», «CNH Industrial», «Hyatt», «Hilton» каби жаҳонга машҳур компаниялари билан бир қаторда иқтисодиётнинг турли соҳаларида жаҳондаги етакчи технологик компаниялардан бири бўлган «General Electric» ҳам муваффақиятли фаолият юритмоқда. Мазкур компания юртимизда ўтказилаётган қатор бизнес-форум, соҳага оид анжуман ва кўргазмаларнинг фаол иштирокчисидир.

Ўзбекистоннинг «General Electric» билан ҳамкорлиги энергетика мажмуи, фуқаро авиацияси ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларни қамраб олган.

«General Electric» кўп тармоқли корпорация бўлиб, у 1878 йилда ташкил этилган. Компаниянинг активлари 650 миллиард доллардан, капиталлашуви эса 288 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилади.

SHARE