Ўзбекистон парламенти Конституцияга ўзгартириш киритишни муҳокама қилмоқда

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини муҳокама қилмоқда.

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, «Судлар тўғрисида»ги қонунга ва бир қатор процессуал кодексларга киритилаётган, янгидан ташкил этилаётган маъмурий ва иқтисодий судларнинг тегишли ҳуқуқий базасини яратиши ва, шу билан бирга, қабул қилинган суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқишга доир бир-бирини такрорловчи инстанцияларни чиқариб ташлаган ҳолда ишларни кўриб чиқиш тартибини соддалаштириши лозим бўлган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

    Ушбу ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари талабларини бажаришни кўзда тутади.

    SHARE