Иномжон Усмонхўжаев вафот этди

Ўзбекистоннинг собиқ Иттифоқ давридаги раҳбарларидан бири Иномжон Усмонхўжаев 17 мартга ўтар кечаси 87 ёшида вафот этди.

Бу ҳақида Kun.uz сайти хабар тарқатди. Иномжон Усмонхўжаев Шароф Рашидовдан кейин 1983-1988 йилларда Республикага раҳбарлик қилган.

Иномжон Усмонхўжаев 1930 йилнинг 20 май куни Фарғонада таваллуд топган.

1955 йилда Ўрта Осиё политехника институти тамомлаган.

Муҳандис, Марғилон шаҳри бош меъмори бўлиб ишлаган.

1962 йилдан партия ишига ўтган, Фарғона шаҳар кенгаши раиси, Ўзбекистон КП Сирдарё вилоят қўмитаси котиби, Собиқ Иттифоқ МҚ ходими бўлиб ишлаган.

1972-1974 йилларда – Наманган вилояти ижроия қўмитаси раиси бўлган.

1974 йилнинг декабридан 1978 йилнинг декабрига қадар – Ўзбекистон КП Андижон вилояти қўмитаси биринчи котиби.

1978 йилнинг 22 декабридан 1983 йилнинг 20 декабрига қадар – Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Президиум Раиси, шу билан бир вақтда – 1979 йилнинг 18 апрелидан 1983 йилнинг 28 декабрига қадар – Собиқ Иттифоқ Олий Кенгаши Президиуми Раиси ўринбосари бўлган.

1983 йилнинг 3 ноябридан 1988 йилнинг 12 январига қадар – Ўзбекистон КП МҚ биринчи котиби.

Кейинчалик “қайта қуриш” даврида коррупцияда айбланиб, Ўзбекистон КП МҚ биринчи котиби лавозимидан озод этилган, Собиқ Иттифоқ Олий Кенгаши Президиуми аъзолигидан четлаштирилган. 1988 йилнинг 28 ноябрида Собиқ Иттифоқ Коммунистик Партияси МҚдан ҳам чиқарилган.

1989 йилнинг 27 декабрь куни «Пахта иши» бўйича 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. 1990 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ташаббуси билан озодликка чиққан.

Сўнгги вақтларда И.Б.Усмонхўжаев Фарғона шаҳрида ўғиллари ва набиралари билан биргаликда яшаётган эди.

SHARE