Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиёдаги етакчилигини қўлга олиши мумкинми?

Ўзбекистоннинг минтақадаги нуфузининг ошиши Марказий Осиё минтақасида иқтисодий гегемонликнинг ўзгаришига олиб келиши, шунингдек, инвестиция ва бозорлар учун рақобатни кучайтириши мумкин. Бу ҳақида “CFO Summit 2017” саммитида Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири Тимур Сулайманов қайд этди.

Вазир Қозоғистонга таҳдид солиши мумкин бўлган ташқи таъсирлар ҳақида гапирар экан, “уйғонаётган ва либераллашаётган Ўзбекистон”га эътиборини қаратди. У Ўзбекистонни “интилувчан, улкан имкониятларга эга” мамлакат сифатида эътироф этган.

“Шундай бўлса-да, Ўзбекистон позициясининг мустаҳкамланиши қайсидир маънода бизни огоҳликка чорлайди. Чунки холис айтиш керакки, биз Қозоғистонни минтақавий гегемон сифатида кўришга кўникиб қолганмиз. Эндиликда бу ўзгариши мумкин. Демоқчиманки, иқтисодий гегемонлик бошқа давлатга ўтиши мумкин. Инвестиция учун, бозор учун кураш авжига чиқиши мумкин. Бу ҳам яқин истиқболда олдимизда турган муаммолардан бири ҳисобланади”, деди Тимур Сулайманов.

Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. 2015 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил қилган.

Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари иштирокида ташкил этилган 151 корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 206 корхона, шу жумладан, 171 қўшма корхона очилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 22-23 март кунлари Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга ташриф буюради.

 

SHARE