Шанхайда Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилди

    Яқинда Хитойнинг йирик шаҳри — Шанхай шаҳридаги Шанхай университети марказий майдонида улуғ ўзбек мутафаккири ва шоири Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилди.

    Ушбу ёдгорликнинг очилиш маросимида Тошкент шаҳри ҳокимияти ва Бадиий академия вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этишди.

    Уч метрлик ушбу бронза ҳайкал жамоатчиликнинг катта қизиқишига сабаб бўлди. “Жаҳон” АА хабар беришича, шаҳарда жуда кўплаб алломаларга ёдгорлик қўйилган, лекин уларнинг аксарияти бюст шаклида барпо этилган, Алишер Навоий ҳайкали эса бор бўйи билан қад ростлаган.

    Шанхай университети партия қўмитаси котиби Ло Хунцзе Алишер Навоий ҳайкали ўзбек халқининг шарқ ва дунё маданий меросига қўшган ҳиссасига муносиб ҳурмат намойиши эканлигини таъкидлади.

    Шанхай университети ҳузуридаги тадқиқот маркази директори Яо Симин ўзбек адабиёти султони Алишер Навоийга университет ҳовлисида ҳайкал ўрнатилиши шарафлигини айтади. “Бу 40 мингдан ортиқ талаба ўқитувчилар учун ҳам кундалик маориф нурини сочиши билан муҳимдир. Энди биз ҳар йили 9 февраль куни ҳайкал қаршисида Алишер Навоийни хотирлаймиз”, деди у.

     

    SHARE