ЕТТБ танаффусдан сўнг Ўзбекистон иқтисодиётига қайтмоқда

Шу йилнинг 15 март куни Ўзбекистонга Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Президенти Сума Чакрабарти бошчилигидаги делегация ташриф буюради.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, ташрифдан мақсад Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталья Ханженкова “Икки томон муносабатларида вужудга келган муайян тўхталиш ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларига замонавий шартлар асосида янгича нигоҳ ташлашга имкон беради”, деб қайд этган эди шу йилнинг февраль ойида.

Унинг “Жаҳон” ААга берган интервьюсида қайд этилишича, Ўзбекистон ва ЕТТБ ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналишларини белгилаб олмоқда. Ўзбекистон ҳукумати билан келишган ҳолда томонлар мамлакат иқтисодиётининг муайян соҳасига инвестиция киритиш имкониятларини кўриб чиқади.

Ҳозирги пайтда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамкорлик учун асосий соҳалар ҳисобланади.

Наталя Ханженкованинг таъкидлашича, ЕТТБ иқтисодиётнинг анъанавий соҳалари билан чекланмасдан, янги инновацион йўналишларга ҳам эътибор кучайтиради. “Биз Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорликни ният қилганмиз”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, ЕТТБ 1991 йилда тузилган бўлиб, унинг асосий мақсади бозор иқтисодиёти ва демократияни қўллаб-қувватлашдир. Банкнинг акциядорлари 65 та мамлакат, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Европа инвестиция банки ҳисобланади.

Ўзбекистон ушбу молиявий институтга 1992 йилда қўшилган. Банк маълумотларига кўра, ЕТТБ Ўзбекистонда жами 899 миллион евролик 54 лойиҳани молиялаштирган. Ҳозирги кунда банк 8 миллион евролик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.