Лола Каримова продюсерлигида Мирзо Улуғбек ҳақида фильм суратга олинди

Лола Каримова-Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи продюсерлигида “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Бу ҳақида Лола Каримова ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилган. Ҳужжатли фильм буюк мутафаккир ҳамда аллома Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.

“Бу улуғ инсон ҳақида фильм яратиш ғояси менда кўп йиллар аввал пайдо бўлган. Таъбир жоиз бўлса, Мирзо Улуғбек шахси мени болалагимдан ўзига мафтун этган. У наинки қомусий билимлар эгаси, етук олим ва сулҳпарвар ҳукмдор, ўз даври учун фавқулодда саналган хислатлар соҳиби ҳам эди. Сирасини айтганда, Улуғбек замон ва макон сарҳадларини ошиб ўтган умрбоқий сиймодир”, деди Лола Каримова.

Мирзо Улуғбек номи дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган Галилео Галилей, Коперник, Джоанас Кеплер каби буюк алломалар билан бир қаторда туради. Самарқанд унинг ҳукмронлиги даврида астрономия соҳасида илғор тадқиқотлар ўтказиладиган халқаро марказга айланди. Улуғбек бунёд эттирган муаззам расадхонада ўз даврнинг етук олиму фузалолари жам бўлган эди.

Аллома тартиб берган юлдузлар жадвалида 1118 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви муфассал баён этилган. У ҳисоблаб чиққан йил узунлиги натижалари эса замонавий ҳисоб-китобидан атиги 25 сонияга фарқланади. Буюк олим, шунингдек, Ер сайёраси ўқининг оғиш бурчаги 23,52 градусни ташкил этишини аниқлади, ушбу илмий натижа ҳам ҳозирга қадар энг аниқ кўрсаткич дея эътироф этилади. Улуғбек томонидан яратилган юлдузли осмон харитаси эса денгизчилар ҳаракатланишида XIX асрга қадар фойдаланилган.

Мирзо Улуғбек ҳаётининг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи кечди. Кенг дунёқараши ва теран фикрлари билан ўз даври ва замондошларидан илгарилаб кетган олим, таассуфки, жаҳолат ва разолат қурбони бўлди.

Лола Каримованинг маълум қилишича, фильм сценарийсини ҳозирлаш асносида кўп ва хўб изланиб, бобокалонимиз ҳаётини таваллуд топган кезларидан бошлаб қайта тиклашга ҳаракат қилинган.

Амир Темурнинг набираси бўлмиш Мирзо Улуғбек бобоси шафелигида ўз даврининг пешқадам олимлардан сабоқ олганини таъкидлашни истардим. Давлатнинг қудрати энг аввало маърифатда деб билган Соҳибқирон нуридийдаси бўлмиш Улуғбекнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратган. Бу эса унинг одил шоҳ ва етук олим сифатида шаклланишига хизмат қилган.

“Фильм режиссёри Баҳодир Юлдошев билан кўп йиллардан бери танишмиз. Унга фильмни суратга олиш хусусида гап очганимда таклифимни мамнуният билан қабул қилди. Кўз очиб юмгунча буюк олим ва ҳукмдор яшаган даврга шўнғиб кетди.
Ушбу кинокартинани Ўзбекистонда туғилиб ўсган, мавзуни қалбан ҳис эта оладиган ижодкор яратиши керак эди. Назаримда, Баҳодир улуғ алломанинг фожеий тақдирини маҳорат билан акс эттира олди”, деб қайд этади муаллиф.

Фильмда Франция, АҚШ, Россия, Ўзбекистон, Буюк Британия, Дания ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашади. Кинокартинани яратишда Бодлиан кутубхонаси (Оксфорд университети), Британия музейи, Пристон университети, Гриффит расадхонаси, Франциянинг Observatoire de la Cote d’Azur Côte расадхонаси, Калифорния университети, Даниянинг The David Collection музейи, Оксфорднинг Илм-фан тарихи музейи, Оксфорднинг St. John’s колледжи каби ўқув юртлари, музей ва кутубхоналарнинг бисотидан фойдаланилди.

Чет эллик олимларнинг аксари айнан Мирзо Улуғбек сиймоси сабаб мамлакатимизга меҳр қўйганини эътироф этган.

Фильм жанр нуқтаи назаридан ҳужжатли саналса-да, унда бадиий воситалардан ҳам фойдаландик. Съёмка жараёнига ўзбекистонлик ва қозоғистонлик каскадёрларни жалб қилдик, ўша даврга мос тарихий либосларни танлаш ва тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратдик.

Кинокартинада Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле каби жаҳон киноси юлдузлари суратга тушди. Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров, Ҳошим Арслонов сингари миллий кино усталаримиз ҳам ўз ролини маромига етказиб ижро этди.
Ҳолливуднинг “Титаник”, “Оловуддин”, “Геркулес” каби фильмларга мусиқа басталаган машҳур композитори Уолтер Афанасьев картинамиз учун махсус мусиқа ёзди.
Беназир хонанда Севара Назархон ижросидаги саундтрек эса фильмга ўзгача жозиба бахш этди.

Фильм премьераси ҳақида кейинроқ маълум қиламиз, дейилади хабарда.

SHARE