Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи: тарихийми ёки рамзий?

Шу йилнинг 6—7 март кунлари Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев чет элга ўзининг илк сафарини Туркманистондан бошлади. Одатда янги сайланган давлат раҳбарининг хорижий мамлакатга сафари рамзий аҳамиятга эга бўлиб, имкон қадар қудратли давлатга ташриф уюштиришга интилишади. Ўзбекистон раҳбарининг Туркманистон сафарини ҳам фақат рамзий аҳамиятга эга дейиш мумкинми?

Қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, умумий тараққиёт учун турли тўсиқларни бартараф этиш фақат ва фақат яхши натижа келтириши сир эмас. Замонавий Сингапур давлати асосчиси Ли Куан Ю россиялик ҳамкасбларининг “инвесторларни қандай жалб қилса бўлади?”, деган саволига шундай деб жавоб берган эди: “Албатта, сизлар нима қилишни яхши биласиз, лекин инвестиция ва иқтисодий ўсиш зарур бўлса, яхшиси, қўшнилар билан уришмасдан, савдо-сотиқ қилиш керак”.

Шу маънода айтганда, қўшнилар билан ҳамкорлик ҳоҳ рамзий бўлсин, ҳоҳ амалий бўлсин, мунтазам ва устувор бўлиши жуда муҳимдир.

Давлат раҳбарлари ушбу ташрифни қандай баҳолашди?

Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин давлат ташрифи билан биринчи бўлиб Туркманистонга келганини “тарихий воқеа” деб атади. Бу “мамлакатларимиз ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш ва алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деди Туркманистон раҳбари. Шавкат Мирзиёев эса “ташриф изчил ривожланиб келаётган ўзаро манфаатли ва фаол мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини” алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг қайд этишича, ташриф ҳақиқатан ҳам тарихий аҳамиятга ташриф саналади.

“Биринчидан, ушбу ташриф давлат ташрифи мақомига эга. Бундай ташрифлар муайян давлатга нисбатан бир марта амалга оширилади. Иккинчидан, кун тартибига киритилган масалалар, имзоланган ҳужжатларни инобатга оладиган бўлсак, айтишимиз мумкинки, бу ҳақиқатан ҳам тарихий ташриф бўлди. Чунки ташриф арафасида ва ташриф пайтида ҳам кўпчиликда “Ўзбекистон Президентининг биринчи ташрифи нега Туркманистонга бўлди?” деган савол туғилди. Бунга бир неча сабаблар бор. Аввало, бизнинг ташқи сиёсат концепциямизга тўлиқ жавоб беради. Ушбу концепцияда қўшни давлатлар дўстона алоқаларни ривожлантириш асосий йўналиш сифатида белгиланган”, деди Ўзбекистон ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари “Ахборот” информацион дастурига берган интервьюсида.

Шу маънода айтганда, Ўзбекистон ташқи сиёсатда қўшнилар билан “очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб бориш”ни кўришимиз мумкин.

Мақсад — Қора денгиз портларига чиқиш

Ўзбекистон очиқ денгизга чиқиш учун иккита мамлакат чегарасини босиб ўтиши керак бўлган иккита мамлакатнинг бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари учрашувининг асосий мавзуси бўлди.

Президентлар ташқи бозорларга энг қисқа ва самарали чиқишни таъминловчи транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор аҳамиятини қайд этдилар.

Шу жумладан, Туркманистоннинг Ўзбекистон—Туркманистон—Каспий денгизи—Жанубий Кавказ йўналишида коридор яратиш бўйича ҳамжиҳатликда иш олиб боришга тайёрлиги маълум қилинди. Мазкур коридор орқали Грузия, Туркия, Руминия ва бошқа давлатларнинг Қора денгиздаги портларига чиқиш мумкин бўлади.

Ташриф доирасида Амударёда қурилган Туркманобод-Фараб автомобиль ва темир йўл кўприкларининг тантанали очилиш маросими алоҳида урғу берилганининг сабаби ҳам шунда. Негаки, Амударё устидан ўтадиган темир йўл кўприги 1901 йили Чор Россияси томонидан барпо қилинган бўлиб, маънан эскириб бўлган эди.

Ўзбекистон раҳбарининг айтишича, мазкур кўприклар халқларимиз дўстлигининг тимсоли бўлиб, нафақат Туркманистон, балки бутун минтақа учун геостратегик аҳамиятга эга. “Ўзбекистон ва Туркманистон темир йўллари ўзаро интеграциялашиб, қайта тикланаётган Буюк ипак йўлининг муҳим бўғинини ташкил этади”, деди Шавкат Мирзиёев.

“Бир томчи сувни ўзбек ва туркмандек бўлиб истеъмол қиладиганлар дунёда йўқ”

Маълумки, Ўзбекистон ва Туркманистон Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёлар қуйи оқимида жойлашган. Бугунги кунда икки мамлакат аграр соҳаси айнан сув етишмаслигидан азият чекмоқда. Шу сабабли Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Ислом Каримов трансчегеравий дарёлар юқори узанида турли йирик гидроиншоотлар қуришга қарши чиқиб келарди, бу борада жиддий огоҳлантириш сўзлари ҳам яйраган эди.

Ўзбекистоннинг сўнгги пайтларда қўшни мамлакатлар билан муносабатлари илиқлашгани бу борада кескин фикр билдиришнинг суръати бироз сусайиши прогноз қилинаётган эди. Туркманистон сафарида бу масала яна тилга олинди. Лекин сўзлар умумий ва бетараф танланган.

Икки давлат раҳбарларига кўра, Марказий Осиё трансчегаравий дарёларининг сув ресурслари минтақа халқларининг умумий бойлиги эканлиги ҳамда ўн миллионлаб инсонлар тақдири, бутун минтақа барқарорлиги ва фаровонлиги мазкур ресурслардан адолатли ва оқилона фойдаланишга боғлиқ.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Марказий Осиё трансчегаравий дарёларида янги гидротехник иншоотлар барпо этишни бошқа манфаатдор давлатлар манфаатларига зиён етказмайдиган конструктив ёндашув ва муроса асосида, шунингдек трансчегаравий таъсирга эга бўлган барча лойиҳаларни холис халқаро экспертизадан ўтказиш ва қуйи оқимда жойлашган мамлакатлар билан келишишни назарда тутувчи БМТ конвенцияларида белиланган халқаро сув ҳуқуқининг умум эътироф этилган нормаларига мувофиқ амалга ошириш лозимлиги тўғрисидаги фикрни қўллаб-қувватлайдилар.

Шавкат Мирзиёев “ушбу масалада томонлар якдил фикрда эканлигини, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмаслиги”ни қайд этди.

Гурбангули Бердимуҳамедов эса бир томчи сувни ўзбек ва туркмандан бўлиб, истеъмол қиладиган ва уни эъзозлайдиган халқлар дунёда йўқ, деди.

“Биз Туркманистонга узоқ муддатга келганмиз”

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари эътибор қаратган яна бир муҳим жиҳатлардан бири, шубҳасиз, савдо-сотиқ бўлди. Томонлар фойдаланилмаётган ресурслар кўплигини қайд этишди. Хусусан, Шавкат Мирзиёев савдо алоқалари “мутлақо” имкониятларга мос эмаслигини қайд этди.

Ўзбекистондан Туркманистонга транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр ва механика ускуналари, металл буюмлар ва турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинади.

Шавкат Мирзиёев енгил ва юк автомобиллари, коммунал ва қишлоқ хўжалиги машиналари, маиший техника воситалари, кабель маҳсулотлари, қурилиш молларини харид қилишга таклиф қилди. “Мен Ўзбекистон автомобилларини ижобий баҳолагани учун Туркманистон раҳбарига ўзимнинг самимий миннатдорлигини билдираман. Мен учун буни эшитиш жуда ёқимли ва бундан ҳар доим ғурурланаман. Тошкентда сиз билан учрашганимизда, сервис хизматини ҳам йўлга қўй, деб айтган эдингиз. Биз аллақачон иккита сервис хизматини очганмиз. Ҳукуматга жиддий топшириқ берганман: нимаики олиб келинса, албатта, сервис билан, эҳтиёт қисмлари билан олиб келиниши керак. Биз бу ерга узоқ муддатга келганимизни ҳурматли туркман қўшниларимиз билиши керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Туркманистондан юртимизга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар келтирилади. “Ташриф доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига нефть етказиб бериш бўйича шартнома имзоладик. Бу иқтисодиётимизга, компаниямизга жуда катта фойда келтиради. Орадиган турли воситачилардан воз кечиб, биз тўғридан-тўғри нефть қазиб олаётган компаниялардан сотиб оламиз. Бу дегани маҳсулотнинг таннархини камайтириш имконини беради”, дейди “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқаруви раиси Алишер Султанов.

Ҳокимларнинг илк сафари

Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, делегация таркибида Туркманистон билан чегарадош Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳокимлари ҳам бор эди. Бундай ҳолат Ўзбекистон ташқи сиёсатида камдан-кам кузатилади.

Шуни таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Ўзбекистоннинг турли вилоятларида қарийб 189 минг нафар туркман қардошларимиз истиқомат қилади. Бу миллат фарзандлари туркман тили ўқитиладиган 47 та мактабда таҳсил олишаяпти. Туркманистонда ҳам ўзбек миллатига мансуб ватандошларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Қуда-андачилик, қавму қариндошчилик азалдан бўлиб келган.

Шу боис икки вилоят раҳбарларининг ташрифлари рамзий аҳамиятга эга бўлса-да, келажакда чегара ҳудудида яшаётган аҳолининг ўзаро борди-келдисини янада енгиллаштириш, ўзаро маданий ва савдо-сотиқни ривожлантиришга хизмат қилади. Шу жиҳатларни инобатга оладиган бўлсак, ушбу ташрифни тарихий, деб баҳолаш мумкин.

Мурод ҒОФУРОВ.

 

SHARE