Ўзбекистонда расмий курсни белгилашнинг бозор механизмлари жорий қилинмоқдами?

Шу кунларда оддий ўзбекистонликларни ўйлантираётган масалалардан бири валюта курси билан боғлиқ масала, десак муболаға бўлмайди. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки долларнинг сўмга нисбатан қийматини жадал ошириб бормоқда.

Хусусан, шу йилнинг  7 мартидан бошлаб валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, божхона ва бошқа мажбурий тўловлари учун хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қуйидаги қиймати белгиланди. Унга кўра, 7 мартдан АҚШ доллар курси 47,95 сўмга ортади ва 3 452,30 сўмни ташкил этади. Учинчи ҳафтаки регулятор бундай қарорга келмоқда ва Ўзбекистон миллий валютасининг долларга нисбатан қиймати қарийб 150 сўмга қимматлади.

Марказий банк қайси формула асосида расмий курсни белгилайди?

Марказий банк сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан қийматини белгилашда қайси омилларга таянишини кўпчилик аниқ айтиб бера олмайди. Айрим мутахассисларнинг фикрича, банк-молия соҳасидаги ваколатли орган республика биржасидаги валюта олди-бердиси асосида белгилайди.

Шунинг учун ҳам Марказий банк томонидан белгиланадиган аниқ меъёр эмас, балки унинг қароридаги жадаллик эътиборга молик ҳисобланади. Чунки бу жадаллик ортида қандайдир маъно бўлиши мумкин.

Масалан, 2016 йил бошида (4 январда) бир АҚШ долларининг расмий курси 2809 сўм 98 тийинни ташкил қилган бўлса, у ўтган йилнинг 19 сентябрь куни 3000 сўмлик довонни босиб ўтди.

Йил бошидан шу йилнинг 3 октябрь ҳолатига 201 сўмга қимматлади. Бу шу даврда ҳар ҳафтасига ўртача 5 сўмга қимматлаганини кўрсатади.

Аммо 2016 йилнинг 10 октябридан долларнинг сўмдаги қиймати ўсиши янада жадаллашиб, ўсиш ҳафтасига 18-19 сўмни ташкил қила бошлади. Йил охирига келиб, бир АҚШ доллари 3176 сўму 16 тийинни ташкил қилди.

Ўзбекистон миллий валютаси — сўмнинг расмий курси 2015 йилда долларга нисбатан 15,99 фоизга қадрсизланган эди. Марказий банк томонидан 2015 йил бошида ўрнатилган курс 2422,4 сўм бўлиб, бу йил охирига келиб, бу 387,58 сўмга қимматлашди. Натижада бир АҚШ доллари 2809,98 сўмдан баҳоланди. 2014 йилда бу кўрсаткич 9,9 фоизни ташкил қилган эди.

Валюта қийматидаги ўсишнинг жадаллашуви одатда куз фаслига тўғри келар эди. Шундай бўлса-да, Марказий банк белгилайдиган қиймат барқарор сақланарди ва бозор қийматига у даражада таъсир кўрсатмасди.

Жадал девальвациядан мақсад нима?

Ўзбекистон ҳукумати валюта ва нарх сиёсатида муаммолар борлигини тан олиб келади. Жумладан, шу йилнинг январь ойида бўлиб ўтган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг жамоатчилик муҳокамасида экспертлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг, тадбиркорларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган эди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайховнинг “Подробно” ахборот агентлигига маълум қилишича, валюта бозорини тартибга солиш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси иқтисодий йўналишининг асосий жиҳати саналади.

Унга кўра, ҳозирда бозор курсига ўтиш вазифалари устида бош қотирилмоқда (интервью январь ойида берилган). Албатта, бунинг учун вақт керак бўлади. Барча рискларни инобатга олиш керак. Энг муҳими, бу иш қизғин давом этмоқда, экспертларни, жумладан, халқаро экспертларни  таклиф қилиб, масалани муҳокама қилаяпмиз. Ўзбекистон ўзини иҳоталаб олгани йўқ, деган Савдо-саноат палатаси раҳбари.

Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати бозор курсига ўтишда босқичма-босқич иш тутади, бунда шок ҳолатига йўл қўйилмайди. Бу жараён эса маъқул ва мақбул муддатда юз беради. “Ушбу жараён қачон якунланиши ҳақида аниқ бир нарса дейиш қийин. Вазиятни баҳолаш керак бўлади, бунинг учун эса вақт керак. Лекин бир нарсани ишонч билан айтиш керакки, жорий йилнинг ўзида бошқа бозор механизмига амалда ўтиш учун етарли даражада иш қилинади”, деди Алишер Шайхов.

Агар Алишер Шайховнинг сўзларига таяниладиган бўлса, демак, “бозор курсига ўтиш босқичма-босқич” жорий қилинаётган бўлиши мумкин. Лекин ҳукумат ёки Марказий  банк томонидан бундай сиёсат олиб борилаётгани ҳақида аниқ бир изоҳ берилаётгани йўқ.

Ҳаракатлар стратегиясида миллий валютани барқарорлаштириш кўзда тутилганми?

Ўзбекистон ҳукуматининг яқин беш йил учун режаси — Ҳаракатлар стратегиясида валютани муносабатларини тартибга солиш юзасидан аниқ чоралар кўзда тутилган.

Жумладан,  махсус дастурга биноан, валютани тартибга солишнинг илғор бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш белгиланган. Ушбу мақсадда Марказий банк, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда 2017 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини тайёрлаши лозим.

Бунда валюта бозоридаги хорижий валютага бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бозор механизмини ҳисобга олган ҳолда, ички ва ташқи бозорларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини таъминловчи ва қўллаб-қувватловчи валюта курси сиёсати такомиллаштирилади. Ҳар қандай манипуляцияларнинг олдини оладиган механизмларни жорий этган ҳолда, хорижий валютанинг биржада эркин муомалада бўлишини таъминлаш чоралари кўрилади. Шунингдек, тижорат банклари томонидан жалб қилинган ва ўз ресурслари ҳисобидан хорижий валютани эркин сотиш тизимини жорий қилиш кўзда тутилади.

Девальвация оддий одамлар турмушига қандай таъсир кўрсатади?

Умуман, иқтисодчиларнинг фикрича, агар кўзда тутилган чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этиладиган бўлса, охирги натижа яхши бўлади. Аммо аввалига осон бўлмаслиги аниқ. Биринчидан, нарх-наво кескин кўтарилиши мумкин. Бунда, айниқса, АҚШ долларининг Марказий банк томонидан курси эквивалентида хизмат кўрсатадиган соҳалар фойдаланувчилар буни дарров ҳис қилишади. Масалан, мобиль алоқа, интернет фойдаланувчиларига бу нарса яққол сезилади.

Бундан ташқари, халқаро кредит линиялари бўйича тижорат банклардан кредит олган тадбиркорлик субъектлари ҳам ёрдамга муҳтож бўлиб қолади. Масалан, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тижорат банклари орқали қатор кредит линияларини тақдим қилган. Бу амалд ушбу корхоналар учун ҳалокатли бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, божхона ва бошқа тўловлар ҳам ўз-ўзидан ошиши ҳисобига импорт товарлари нархи янада ошиши эҳтимоли юқори.

Албатта, валюта ислоҳоти ҳеч қачон осон кечмайди. Лекин ривожланган, ривожланаётган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатаяптики, валюта бозорининг тўғри йўлга қўйилиши республикани ривожлантиришнинг асосий шарти саналади. Бунинг учун пухта ва пишиқ дастурлар асосида босқичма-босқич чора кўриш бугунги куннинг талабидир.

SHARE