Шавкат Мирзиёев Туркманистонга давлат ташрифи билан боради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақида Uzdaily.uz интернет нашри хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев Ашҳободда Туркманистон Республикаси ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифига тайёргарлик масалалари юзасидан мулоқот олиб борди.

Кун.uz сайтининг Туркманистоннинг Тошкент шаҳридаги элчихонасига таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев яқин кунлар ичида Туркманистонга давлат ташрифини амалга оширади.

«Ташриф амалга оширилади. Ҳозирда ташрифга тайёргарлик кўрилмоқда», – деди манба.

ЎзАнинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 2017 йил 6-7 март кунлари давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлади.

Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, шунингдек, турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

«Кун.uz» маълумотига кўра, 5 март куни Ашхобод шаҳрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов номидаги янги кўчанинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Ушбу маросимда Шавкат Мирзиёев иштирок этиши мумкин. Шунингдек, сайт мухбирлари Бухорога сафари вақтида вилоят ҳокимлиги шу кунларда Туркманистонга делегация юборишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълумот олишган.

Ўтган йилнинг октябрь ойи охирида Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов билан телефон орқали мулоқот қилганди. Ўшанда қўшни давлат раҳбари Ўзбекистон президентини Туркманистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф этганди.

26 январь куни Ўзбекистон ва Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Қўшма комиссиясининг 13-йиғилиши ўтказилганди. Унда Очилбой Раматов бошчилигидаги делегация Туркманистон томони билан туркман-ўзбек мулоқотини жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилганди.

Шунингдек, икки томонлама ўзаро алоқаларнинг стратегик йўналишлари муҳокама қилинган, асосий урғу савдо-иқтисодий, ёқилғи-энергетика ҳамда транспорт-коммуникация соҳаларига қаратилганди.

Ўзбекистон томони «Ўрта Осиё-Яқин Шарқ» (Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон) янги транспорт-транзит йўлагини ташкил этишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирган. Унинг амалга татбиқ этиш халқаро транзит юк ташувлар ҳажмини ошириш ва дунё бозорини яна бир катта талабга эга йўналиш билан таъминлаш имконини беради.