Ўзбекистон — Туркия: Қуёш яна шарқдан чиқди

Жорий ҳафтанинг муҳим сиёсий воқеаларидан бири, шубҳасиз, Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Туркия сафаридир. Рустам Азимов бошчилигидаги расмий сафарда Туркия — Ўзбекистон бизнес форуми ўтказилди, мамлакат раҳбари Режеп Эрдўған билан мулоқот ўтказилди.

Anadolu агентлиги маълумотларига кўра, томонлар ҳамкорлик учун 10 етакчи йўналиш, жумладан, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электроника, кимё саноати, туризм ва логистика соҳаларини белгилаб олишди.

Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи ўтган йили қайд этилган 1,2 млрд долларлик ўзаро савдо айланмаси кўрсаткичи икки мамлакат имкониятларига мос келмаслигини таъкидлаб ўтди. У 1995 йил имзоланган инвестициялар тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш ҳамда эркин савдо ёки савдо преференциялари тўғрисидаги шартномани имзолашга чақирди.

Туркия статистикасига мувофиқ, 2016 йилда Туркиядан Ўзбекистонга қилинган экспорт ҳажми бир йил аввалгига қараганда 488,5 млн доллардан 533,3 млн долларга ошган, айни пайтда Ўзбекистондан мпорт ҳажми 711,5 млн доллардан 709,2 млн долларга камайган.

tccb.gov.tr

Рустам Азимов Туркия Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи мамлакат бўлганини эсга олиб шундай деди: «Ўзбекистон халқи буни ҳеч қачон унутмайди».

Унутилган 13 йил

Маълумки, Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари 2000—2014 йил давомида ўзининг энг қуйи нуқтасида бўлиб келди. Гарчи савдо, транзит ва бошқа иқтисодий муносабатлар барқарор турган бўлса-да, дипломатик алоқалар, сиёсий маслаҳатлашувлар қарийб музлаб қолган эди. Бунга объектив ва субъектив сабаблар бор эди.

Шундай бўлса-да, кейинги йилларда Туркия ҳукумати Ўзбекистон билан муносабатларни янада ривожлантириш юзасидан амалий қадамларни бошлади. Яъни муносабатларни тиклаш ташаббуси кўпроқ Туркия маъмуриятидан чиқа бошлади ва дастлабки воқеа юз берди.

Ҳаммаси Ислом Каримовнинг 2014 йил аввалида Сочида Туркия ўшанда бош вазири (ҳозирда президент) Режеп Эрдўған билан учрашувидан бошланди. ЎзА ва “Ахборот”да бир сатрда эслаб ўтилган мазкур учрашув — бугун минтақа оммавий ахборот воситалари кенг тилга олинган “Ўзбекистон — Туркия-2” ҳамкорлик алоқаларининг тамал тошини қўйиб берди.

Абдулазиз Комилов ва Аҳмет Довутўғли/mfa.gov.tr

Туркиянинг собиқ ташқи ишлар ва бош вазири Аҳмет Довутўғли сўзларига кўра, ўша учрашувда Ислом Каримов ва Режеп Эрдўған бир йилда бир марта ҳам Ташқи ишлар вазири даражасида ҳамда давлат раҳбарлари даражасида учрашувлар ўтказиб турилишига келишиб олишган.

Маълумки, Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари Ислом Каримов ҳар бир хорижий мамлакатга сафар қилар экан ёки улар билан музокара оли борар экан, асосий эътиборни “тенг ҳуқуқлилик, ўзаро тенг манфаатлар” руҳида олиб боришга алоҳида эътибор қаратиб келади.

Экспертларнинг фикрича, Сочидаги учрашувда Ислом Каримов бу принципни яна бир карра Туркия ҳукумати раҳбарига етказа олган. Негаки, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу сафар муносабати билан тарқатган матбуот хабарида  “Мулоқотлар чоғида икки давлат ўртасида тенг ҳуқуқлилик ҳамда тенг манфаатли ҳамкорлик асосида муносабатларни янада ривожлантириш, икки давлатни ташвишлантираётган долзарб масалалар муҳокама қилинади” деган тушунчага алоҳида урғу берилган. Кўпчиликнинг фикрича, 13 йиллик сукунат давомида Ўзбекистон Туркия раҳбариятига ўзининг ҳақлигини исботлаб бера олган.

2014 йилда илк марта Аҳмет Довутўғли Тошкентга ташриф буюрди, Ислом Каримов ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан музокаралар ўтказди. 2016 йил ноябрь ойида Режеп Эрдўған Самарқандга ташриф буюрди ва икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичига пойдевор қўйилди.

tccb.gov.tr

Ўзбекистонга Туркия керак. Қуёш шарқдан чиқиши керак

Туркия Ўзбекистоннинг анъанавий ва муҳим савдо шерикларидан биридир. 2015 йилда ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу борадаги ўсиш суръатлари жорий йилда ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда. Бугунги кунда Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдо бўйича энг йирик беш ҳамкоридан биридир.

Лекин бу рақамлар мамлакатларимиз салоҳиятини акс эттирмайди. Бу миқдорни яқин йиллар ичида 2-3 марта ошириш учун етарли имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компаниялари фаолият юритмоқда. Мамлакат иқтисодиётига жалб қилинган Туркия сармояси ҳажми 1 миллиард доллардан ошади.

tccb.gov.tr

Расмийларга кўра, томонлар истиқболдаги ҳамкорлик алоқаларини икки босқичда олиб боради. Ҳамкорликнинг биринчи босқичида ўзаро савдо айланмасини 3,5 миллиард долларга, кейинги босқичида эса 5 миллиард долларга етказишга келишиб олган.

Ўзбекистон учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича мажмуалар барпо этишга, тўқимачилик ва терини қайта ишлаш саноатида замонавий қўшма корхоналар яратишга, хусусан, биргаликда пахта толаси ва тери хомашёсини чуқур қайта ишлаш орқали тайёр брэндли маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришни йўлга қўйиш, фармацевтика соҳасида ҳамкорликка оид янги лойиҳалар тузиш ва амалга оширишда Туркиянинг инвестиция ва технологияси жуда муҳимдир.

Рустам Азимов 27 февраль куни Туркия — Ўзбекистон форумида чиқиш қилар экан, Ўзбекистон Туркия билан нефть-кимё соҳасида ҳамкорлик қилиш умид билдираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда иккита нефтни қайта ишловчи завод ишламоқда ва учинчиси бунёд этилмоқда.

«Биз Ўзбекистонда олтин, кумуш ва уран каби фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилишимиз мумкин», — дея иқтибос келтиради Anadolu бош вазир ўринбосари сўзларидан.

“Туркиянинг портлари – Ўзбекистоннинг ҳам портларидир”

Маълумки, Ўзбекистон учун денгиз портларига чиқиш ҳар доим ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган. Бугунги кунда Ўзбекистон денгиз портларига чиқиш учун муқобил вариантларни фаол изламоқда, айни пайтда транзит транспорт коридорларини ривожлантириб бормоқда. Бунда нафақат Форс кўрфази ва Шарқий          Европа мамлакатлари портлари, шу билан бирга Туркия портлари муҳим ўрин тутади. Шу сабабли Аҳмет Довутўғли 2014 йилда “Туркиянинг портлари – Ўзбекистоннинг ҳам портларидир” деган  эди.

Рустам Азимов шу нуқтаи назардан иемир ва автомобиль йўллари қурилиши лойиҳалари ҳам Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир йўналиши бўлиши мумкин, дея қўшимча қилди у.

AA photo

Айниқса, “Боку – Ахалкалаки – Қарс” темир йўлининг ишга туширилиши икки мамлакатни бир-бири билан боғлайдиган тўғридан-тўғри транспорт йўлагини яратишдек стратегик аҳамиятга эга масалани ҳал этишда, бинобарин, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

Туризм икки мамлакат учун ҳам маблағ келтиради

Ўзбекистон ўз фуқаролари хорижда дам олиш борасида Туркияни афзал кўраётган мамлакат ҳисобланади. Туркия элчихонасига кўра, Туркиянинг Истамбул, Бодрум ва Анталия сингари шаҳарлари ўзбекистонлик сайёҳлар энг кўп ташриф буюраётган шаҳарлар бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам Туркияга Ўзбекистон билан том маънода иқтисодий ҳамкорлик кучайтириш катта фойда келтиради.

Қолаверса, Туркиянинг етакчи туристик компанияларини жалб этган ҳолда Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятларида халқаро талабларга мос замонавий сайёҳлик мажмуалари барпо этиш ҳам Ўзбекистон ҳукумати олдига қўйган мақсадлардан ҳисобланади.

Умуман, Ўзбекистоннинг Туркия билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга интилиши ва ташаббус кўрсатиши, ўхшатиш жоиз бўлса, қуёшнинг шарқдан чиқиши Ўзбекистоннинг манфаатларига хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўзбекистон ва Туркиянинг ўз олдига қўяётган мақсадларига эришиш учун 2017 йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлиси ўтказилади, унинг доирасида Ўзбекистон – Туркия сармоявий форуми ташкил қилинади.