Шавкат Мирзиёев БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош Ассамблеясига ташриф буюради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўладиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясига ташриф буюради. Бу ҳақида Ўзбекистон раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга 2 март куни биз ҳамкорлигимизнинг муҳим санаси – Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлганининг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган мактубида маълум қилинган.

Мактубда қайд этилишича, Ўзбекистон 2015 йил сентябрь ойида БМТ саммитида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини самарали амалга оширишга доир глобал миқёсда кўрилаётган чора-тадбирларни маъқуллайди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама ва жадал янгилаш учун шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг қайд эдишича, шу мақсадда 2017 йил 7 февраль куни 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатнинг асосини мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-гуманитар ислоҳ қилишнинг концептуал масалалари ташкил этади.

“Ҳаракатлар стратегиясининг асосий қоидалари Барқарор ривожланиш мақсадларига мос эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу самарали ҳамкорлигимиз учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишига ишонаман. Сиз билан жорий йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўладиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида учрашамиз, деган умиддаман”, дейилади мактубда.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлгани Ўзбекистон мустақил тараққиётида, миллий давлатчилигимиз ва суверенитетимиз жаҳон миқёсида эътироф этилишида энг муҳим асослардан бири бўлганини қайд этди.

SHARE