Шавкат Мирзиёев биринчи ташрифини қаерга амалга оширади?

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга раҳбар бўлгач, мамлакатнинг ҳар бир қадами халқаро жамоатчиликнинг синчков назарига тушди. Бу бекорга эмас. Чунки янги раҳбар қандай ташқи сиёсат олиб боради, қайси мамлакатлар билан алоқаларни янада кучайтиради, деган саволлар кўпчиликда туғилди. Айниқса, интернет нашрларида Ўзбекистон раҳбари Россияга апрель ойида илк сафарини амалга оширади, деган хабарлар чиқди. Кўп ўтмай, Қозоғистонга бундан эртароқ, яъни март ойида расмий сафар амалга оширилади, деган ахборотлар тарқади.

Албатта, илк расмий ташриф кўпроқ рамзий аҳамиятга эга бўлади. Қайси мамлакатга ташриф буюрилса, ушбу мамлакат билан мулоқот яхши бўлади ёки айримлар Ўзбекистон қайси “оға” билан қалин бўлади, деган хулосага келиш мумкин. Хўш, Ўзбекистоннинг янги раҳбари ўзининг илк сафарини қайси омилдан келиб чиқиб амалга оширади? Шу ҳақида айрим фикрлар билан ўртоқлашсак.

Янги раҳбар қандай ташқи сиёсатни ваъда қилди?

Парламентнинг 2016 йил 8 сентябрь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида Шавкат Мирзиёевга вақтинча Президент вазифа ва ваколатлари юкланганда, у Ислом Каримов йўлидан давом этишини маълум қилди. “Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик, илгаригидек, давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади”, деб таъкидлади.

Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. “Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз”, деди у.

Ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши бу – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан алоқаларимизни мустаҳкамлашдан иборат. Биринчи навбатда, Россия Федерацияси билан Стратегик шериклик, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа муҳим келишувлар асосида дўстона алоқаларни изчил ривожлантириш ва кучайтириш икки мамлакат манфаатларига жавоб беради ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ва яқинда қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистон “вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириши” белгиланган.

Унга мувофиқ, ташқи сиёсат йўналишида махсус “йўл харитаси” ишлаб чиқилади. У давлатнинг ташқи сиёсатини янада мустаҳкамлаш, икки ва кўп томонлама муносабатини янада такомиллаштириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузи ва обрўсини ошириш, ушбу йўналишда амалий таклифларни ишлаб чиқиш имконини беради.

Хўш, амалда Ўзбекистон ташқи сиёсати қандай кечмоқда?

Ўтган давр мобайнида Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг беш раҳбари, шунингдек, Россия президенти, ҳукумати раҳбари, Туркия, Беларусь раҳбарлари билан турли муддатларда учрашди, Қозоғистон раҳбари билан 4 марта, Туркманистон раҳбари билан 3 марта, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарлари билан 2 марта, Россия президенти Владимир Путин билан 2 марта телефон орқали мулоқот қилди. Хитой, Америка раҳбарлари билан мактуб алмашди.

“Қўшнилар танланмайди, қўшниларни Худо беради”

Албатта, кейинги вақтда юз берган энг муҳим воқеалар, шубҳасиз, қўшни мамлакатлар билан мулоқотларнинг жонлангани бўлди. Аввало, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси, Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси Илҳом Неъматов қўшни мамлакатлар билан кун тартибидаги масалалар юзасидан фаол музокаралар олиб борди.

Натижада Рустам Азимов бошчилигидаги делегация Тожикистонда Эмомали Раҳмон билан иккитомонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича мулоқот ўтказган бўлса, Адҳам Икрамов бошчилигидаги делегация Қирғизистонга ташриф буюрди ва Алмазбек Атамбеков билан мулоқот ўтказди. Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан чегарадош вилоятлар жамоатчилиги иштирокида ушбу мамлакатларга “халқ дипломатияси” кўринишидаги сафари уюштирилди.

Бу тадбирлар нафақат чегара вилоятлар аҳолисини, балки бутун мамлакат аҳолисини хурсанд қилди. Одамларни йиллар давомида ўйлантириб келаётган масалалар ҳақида сўз юритила бошланди, бу борада амалий қадамлар ташлана бошланди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида авиақатновни йўлга қўйиш, темир йўл қатновини эса янги босқичга кўтариш, Қозоғистон билан эса тезюрар поезд қатновини йўлга қўйиш, авиақатновлар сонини ошириш, Қозоғистоннинг Еттисув ва Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятларидан ўтадиган трассадан умумий фойдаланиш бўйича келишувга эришилди. Қирғизистон билан ҳам чегара муаммолари амалий ҳал қилина бошланди, бир қатор масалалар, жумладан, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли бўйича якдил хулосага келинди. Бундай ижобий хабарларни Туркманистон мисолида ҳам кўриш мумкин.

Энг муҳими, Ўзбекистон Ҳаракатлар стратегиясида қўшни давлатлар билан Давлат чегараларини ҳуқуқий расмийлаштириш бўйича музокаралар жараёнини давом эттиришни мақсад қилган.

Иқтисодиёт дипломатиядан устун ёки Ўзбекистон маҳсулотига харидор излаб…

Шавкат Мирзиёевнинг яқин қўшничилик ва умуман фаол ташқи сиёсат олиб бориши замирида, экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон маҳсулотлари учун янги бозорларни очиш, узоқ мамлакатларга экспорт қилгандан кўра, яқин қўшнилар истеъмол бозорини фаол ўзлаштириш мақсади мужассамдир. Буни қатор мажлисларда таъкидлаб, қўшниларга яхши гапириб, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун экспорт имкониятлари кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб келади.

Ҳатто хорижий мамлакатлардаги элчилар асосий эътиборини инвестиция жалб қилишга қаратиш зарурлигини қайд этади. Хусусан, “чет мамлакатлардаги элчиларимиз нафақат сиёсий, айни вақтда юртимизга инвестицияларни жалб қилиш масалалари билан ҳам фаол шуғулланишлари даркор. Уларнинг бу борадаги фаолиятини назорат қилиш учун Олий Мажлис Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитасининг фаолият соҳаси ва ваколатларини кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайман”, деган эди Конституциянинг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида.

Иқтисодий манфаатни кўзлайдиган ушбу дипломатия нафақат Марказий Осиёнинг тўрт мамлакатига нисбатан, балки яқин ва узоқ қўшнилар учун ҳам фаол қўлланилмоқда. Масалан, Ўзбекистон ҳукумати вакиллари Беларусь, Афғонистон, Покистон, Туркия, Жанубий Корея, Хитой сингари мамлакатларда бўлишди. Эътиборлиси, делегация таркибига мансабдор шахслар эмас, балки иқтисодиёт тармоқлари корхоналари вакиллари жалб қилинган. Масалан, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси расмий ташриф билан жорий йил 23-24 январь кунлари Афғонистонда бўлди.

Делегация таркибида Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси, “Ўзсаноатэкспорт”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятлари, “Ўзэлтехсаноат” ҳамда “Ўзавтойўл” акциядорлик компанияларининг раҳбарлари бор эди. Юқори доирада бўлиб ўтган музокараларда икки томонлама қатор ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида 2017 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида тўлақонли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”) бор. Мазкур ҳужжат сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда транспорт-транзит жабҳаларидаги тадбирларни, шунингдек, энергетика, тоғ-кон ва нефть-газ саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришни кўзда тутади.

“Ушбу режанинг ҳаётга татбиқ этилиши қисқа муддатларда маҳсулот айирбошлаш кўрсаткичини мавжуд 0,4 миллиард АҚШ долларидан 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш имконини беради”, дейилади “Жаҳон” АА хабарида.

Албатта, фикримизни яқинда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолияти бўйича “йўл харитаси” қуйидаги мақсадни кўзлайди:

Ўзбекистон корхоналарининг маҳсулотлари ва хизматларини ташқи бозорга экспорт қилишни кучайтириб бориш;

Ўзбекистонга инвестицияларни, илғор технологияларни, сайёҳлар оқимини, шунингдек, грантлар, имтиёзли кредитлар ва техник кўмакларни жалб этиш;

Республиканинг транспорт-транзит имкониятларини ошириш, ташқи савдо юк ташиш ишлари учун қулай шароитларни шакллантириш;

таълим, фан ва техника соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш.

Инвесторлар учун Президент қабули

Инвестор борки, ўз мулкини, маблағини ҳимоя қилишга интилади, бунинг учун мамлакат раҳбарияти билан мунтазам мулоқотда бўлиб туришни истайди. Шу сабабли вақти-вақти билан Президент қабулида бўлиш Ўзбекистон шароитида инвесторлар учун муҳим аҳамият касб этади.

Шавкат Мирзиёев, шу маънода айтадиган бўлсак, инвесторлар билан доимо мулоқотда бўлиб турибди. “Лукойл” нефть компанияси президенти Вагит Алекперов, «Боинг – фуқаро самолётлари» компанияси президенти Рэймонд Коннер, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллер, АҚШнинг етакчи компанияларидан бири “Женерал Электрик” компанияси вице-президенти Рональд Жеймс Поллетт бунга яққол мисолдир.

Хулоса

Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсати ҳаракатлар, музокаралар, мулоқотлар босқичида турибди. Жуда кўп саъй-ҳаракатлар тасаввуримизга сиғмаслик даражасида ҳайратлантираётган бўлса-да, аниқ ва қатъий ишонч шаклланган ҳам дея олмаймиз.

Шу маънода Шавкат Мирзиёевнинг биринчи расмий сафари қаерга бўлишидан қатъи назар Ўзбекистонга фойда келтирса, миллий манфаатлари ҳимоя қилинса, энг катта натижага эришилган бўлади.

 Мурод ҒОФУРОВ.

SHARE