АҚШнинг General Electric компанияси Ўзбекистонда фаолиятини янада кенгайтиради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 март куни АҚШнинг етакчи компанияларидан бири “Женерал Электрик” компанияси вице-президенти Рональд Жеймс Поллеттни қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ишбилармон доираларининг узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қизиқиши ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади.

Яқинда Тошкентда АҚШнинг “Женерал Электрик”, “СиЭнЭйч Индастриал”, “Катерпиллар”, “Ханивелл”, “Проктер энд Гэмбл” ва бошқа етакчи компаниялари иштирокида Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг бизнес-форуми муваффақиятли ўтди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон корхоналарининг иқтисодиётнинг турли соҳаларида жаҳондаги етакчи технологик компаниялардан бири бўлган “Женерал Электрик” билан ҳамкорлиги энергетика мажмуи, фуқаро авиацияси ва соғлиқни сақлаш соҳаларини қамраб олган.

Учрашув чоғида ушбу компания билан узоқ муддатли, айниқса, юқори технологик тармоқлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Булар электр энергетика, нефть ва газ, электротехника саноати, замонавий тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги янги дастур ва лойиҳалардан иборатдир.

Учрашувда мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Рональд Жеймс Поллетт самимий қабул ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаётгани учун Президенга чуқур миннатдорлик билдириб, “Женерал Электрик” Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади.

АҚШ компанияси вице-президентининг мамлакатимиз вазирликлари ва идораларида ўтказган учрашувлари якунида иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида меморандум имзоланди.

АҚШнинг «Женерал Электрик» компанияси ана шундай ишончли ҳамкорлардан бири. Ушбу компания вице-президенти Рональд Жеймс Поллетт мамлакатимизда чет эллик сармоядорлар учун яратилган шароитлар, «Женерал Электрик» компаниясининг Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги лойиҳалари ҳақида ЎзАга сўзлаб берди:

– Ўзбекистон тез суръатлар билан ривожланиб бораётган давлатлар қаторига киради. Мамлакатингизда қабул қилинган тараққиётнинг келгуси беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодий самарадорликни кескин ошириш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштириш қаторида хорижий инвесторлар билан самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳам кўзда тутилгани чет эллик шерикларни қувонтирмоқда.

Ўзбекистон бозорида «Женерал Электрик» компанияси фаолият бошлаганига 10 йилдан ошди. Ўзбекистонлик шерикларимиз билан авиация, нефть-газ, электр энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт ва бошқа соҳаларда муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.

«Ўзбекнефтгаз» компанияси билан энергетика соҳасида модернизация ишларида қатнашмоқдамиз. Соҳа мутахассисларининг чет элда малака оширишини ташкил этмоқдамиз.

Ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни тақозо этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан суҳбатда бу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро ҳамкорлигимиз суръатидан мамнунмиз. Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идоралари билан меморандум имзоладик. Ушбу ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва «Женерал Электрик» компанияси ҳамкорлигида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.

Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни изчил ривожлантириш тарафдоримиз. Бинобарин, бу ҳамкорликдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор.

SHARE