Ўзбекистонда жиноятчилар «мажбурий жамоат ишлари»га жалб қилиниши мумкин

«Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Қайд этиб ўтилганидек, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида мавжуд бўлган нормаларнинг амалиётга татбиқ этилишини таъминлайди.

Қонун лойиҳасида Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига ва «Судлар тўғрисида»ги ҳамда «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунларга «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини янада кенгайтиришга, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва либераллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлиги ва, энг муҳими, аҳолининг одил судловга бўлган ишончи ортишига хизмат қилади. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида айнан ана шу мезон асосий ҳисобланади.

– Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни таъминлаш мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади, – дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шуҳрат Мамажонов. – Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ жиноий жазолар тизимига «мажбурий жамоат ишлари»нинг киритилиши муносабати билан қамоқ тариқасидаги жиноий жазо бекор қилинади. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни ушлаб туриш, қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаш, дастлабки тергов, шунингдек фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилмоқда.

SHARE