Қарши шаҳрида Абдулла Орипов ҳайкали ўрнатилади

Қарши шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ҳайкали ўрнатилади. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига сафарига чоғида маълум қилинган.

ЎзАнинг ёзишича, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ўзбек адабиётини янги босқичга кўтарган нодир истеъдод соҳиби эди. Унинг юксак бадиий, теран фалсафий шеърлари халқимиз кўнглидан чуқур жой олган. Драматик ва публицистик асарлари, достон ва таржималари адабиётимиз ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилган.

У истиқлол йилларида Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг шаъни ва қадр-қимматини юксак маҳорат билан тараннум этган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари сифатида ёш ижодкорларни тарбиялаш ва қўллаб-қувватлашга эътибор қаратган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати ва Сенати аъзоси сифатида ҳам самарали фаолият олиб борган.

Абдулла Орипов Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи сифатида халқимиз қалбида мангу яшайди.

Қаҳрамон шоиримизнинг ҳайкали Қарши шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида бунёд этилади. Бу ёшлар учун фахр ва ғурур тимсоли, маънавий тарбия манбаи бўлиб хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёев ҳайкал лойиҳасини такомиллаштириш, бу ерда Абдулла Орипов номидаги мактаб ва унинг ижодига бағишланган музей ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

SHARE