Тошкент шаҳрида юз берган ёнғин оқибатида 16 кишига тиббий ёрдам кўрсатилди

Шу йилнинг 23 февраль куни Тошкентнинг Чилонзор туманида содир бўлган кучли ёнғин оқибатида 16 кишига тиббий ёрдам кўрсатилди, деб хабар берди Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси (ЁХБ) “Газета.uz” сайтига.

Интернет нашрининг ёзишича, 16:36 да Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ Марказий диспетчерлик хизматига Чилонзор тумани Ц-мавзеси Чўпон Ота кўчаси 28а-уйда жойлашган маъмурий бинода ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Орадан 10 дақиқа ўтиб ҳодиса жойига туман ёнғиндан муҳофаза хизматининг иккита жанговар ёнғин ўчириш автоэкипажи етиб борганида, бинонинг 1, 2 ва 3-қаватлари очиқ аланга билан ёнаётгани маълум бўлди. Қўшимча ёнғин ўчириш автоэкипажлар чиқарилган.

17:13 да ёнғин жойига Чилонзор ва бошқа тўртта туман ҳамда Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасидан жами 12 та автоэкипаж йўлланган. Ўт ўчирувчилар томонидан кўрилган чора ва тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин 18:06 да қуршаб олиниб, 18:16 да бутунлай ўчирилган.

Ёнғин оқибатида маъмурий бинонинг 1, 2, 3-қаватлари тўлиқ 800 кв.метр майдонида ёнган, 4 ва 5-қаватларининг ташқи қисмлари ёнғиндан қисман зарар кўрган. Ёнғин сабаблари аниқлаштирилмоқда.

Ёнғин вақтида ўт ўчирувчилар томонидан 70 нафар ишчи-хизматчи қутқарилиб, уларнинг 14 нафари биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун Республика Шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказига олиб борилган. Икки киши травматология бўлимига жойлаштирилган, улардан бирига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг уйига юборилган, иккинчисига умуртқа поғонасининг лат ейиши ташхиси қўйилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи қониқарли.

Зарарланган бинонинг 1−3-қаватлари Hamza Collection тикувчилик фирмасига, 4-қават «ДИ-Ихлос» компаниясига, бешинчи қават эса «Ўрмон хўжалиги лойиҳа» институтига қарашли бўлган. Бинонинг шарқий қисмида Тошкент вилоят прокуратураси жойлашган.

SHARE