АҚШда ноқонуний мигрантларга қарши курашишнинг янги қоидалари эълон қилинди

АҚШ президенти маъмурияти ноқонуний мигрантларга қарши курашишни кучайтириш бўйича янги қоидаларни эълон қилди. Хусусан, мамлакат ички ишлар вазирлиги томонидан чиқарилган иккита ҳужжатга биноан, АҚШда ноқонуний равишда яшаб келаётган шахслар — ҳар қандай жиноятда айбланган ёки ҳукм қилинган ва ҳатто гумонланаётган бўлса ҳам — ҳуқуқ тартибот органлари томонидан депортация қилинишда асосий устувор эътиборда бўлади.

Янги миграция сиёсати талабларига биноан, минглаб федерал агентлар ишга ёлланади, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органларига янги ходимлар жалб қилинади, иммиграция судлари сони кўпайтирилади.

Янги тартибга кўра, ички ишлар вазирлиги маҳаллий ва штатлар ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликни тиклайди. Эндиликда улар федерал иммиграция кучлари вазифасини бажаришлари мумкин. Бундай ҳамкорлик Барак Обама маъмурияти томонидан бекор қилинган эди. Чунки бундай ҳамкорлик камситиши, маҳаллий ресурсларни мақсадсиз сарфлаши ҳамда жиноятчиликка қарши курашишда кам самара келтиргани боис жиддий танқид остига олинган эди.

Ички ишлар вазирлиги икки йил давомида мамлакатда ҳужжатсиз яшаб келган иммигрантни суд ҳукмисиз ҳам депортация қилиши мумкин. Илгари бундай тартибот икки ҳафта давомида мамлакатда ноқонуний бўлиб турган шахсларга нисбатан қўлланиларди.

Янги қоидалар Барак Обама даврида жорий қилинган иккита таомилга дахл қилмайдиган бўлди. Масалан, 2012 йилда жорий қилинган болалигида келиб қолганлар депортация қилинмасди. 2014 йилда АҚШ фуқаролари ота-оналари ёки доимий резидентлари фарзандлари, ноқонуний кирган бўлса-да, Америкадан депортация қилинмаслиги мумкин эди. Бу таомиллар эндиликда ҳам ишлайди.

SHARE