Шавкат Мирзиёев апрель ойида Россияга давлат ташрифи билан боради

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ОАВда мамлакат президентининг Россияга расмий ташриф билан боришига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида тарқалган хабарларни тасдиқлади.

“Кун.ўз” сайтининг ёзишича, бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг ўн саккизинчи мажлиси вақтида маълум қилинган.

«Мазкур комиссия йиғилиши Ўзбекистон Республикаси президентининг Россияга апрель ойида уюштирадиган давлат ташрифига тайёргарлик кўриш жараёнининг асосий босқичи саналади», — деган Рустам Азимов.

Бундан олдинроқ Ўзбекистон президенти шу йилнинг апрелида Москвага расмий ташриф билан бориши ҳақида хабарлар берилганди. Ташрифнинг аниқ санаси ҳақида маълумот йўқ, баъзи манбаларга кўра, бу ташриф 5 апрель куни амалга оширилади.

Айни вақтда президентнинг Россияга сафарига тайёргарлик жараёни бошлаб юборилган. Шавкат Мирзиёев Москвада Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар ўтказишдан ташқари, Давлат думаси вакиллари билан ҳам учрашиши режалаштирилган.

Газета.uz сайтининг ёзишича, Россия Ўзбекистоннинг йирик ташқи савдо шериги мақомини барқарор эгаллаб турибди. Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йилда икки давлат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 4,2 млрд долларни ташкил этди.

Ўзбекистонда Россия инвестицияси иштирокида ташкил этилган 961 та, жумладан, 810 та қўшма ва 151 та 100 фоиз Россия капитали ҳисобидан очилган корхона фаолият олиб бормоқда. Мамлакатда Россиянинг 64 та фирма ва компанияси ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.

Россия ҳудудида Ўзбекистон резидентлари иштирокида 569 та корхона ташкил этилган.

SHARE