“Туркистон — менинг она ватаним”

“Туркистон — менинг она ватаним”

дейди Чикагодаги Ўзбек- Америка Жамиятининг фаол аъзоси Басит Османи.

Қисқача ҳикоямиз қаҳрамони ҳақида: Басит Османи (Усмонли) 65 ёшда. Буюк Британияда туғилиб ўсган, таълим олган. Жарроҳ, ўзининг жарроҳлик клиникаси бор.

У яқинда турист визаси билан Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон мамлакатларига бориб келди. Ҳаяжонини яшира олмайди. Яхшиси унинг билан бўлган суҳбатни ўқисангиз яхшироқ билиб оласиз.

— Жаноб Османи, ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз.

— Илтимос мени Басит ака деяверинг, менга шу ёқади. Менинг она томон ота-боболарим Туркистоннинг Бухоросидан бўлишган. Ота томоним Туркиядан. Лекин мен Туркистонни Ҳайдарободида туғилиб, (ажабланманг, Ҳайдаробод ўтмишда Туркистонга қараган) Англияда вояга етганман. Шунинг учун Туркистонни она ватаним, деб биламан.

— Туркистонга саёҳат қилиш орзуси Сизда қачон пайдо бўлди?

— Ёшлигимдан икки орзум бор эди: Биринчиси Каъбатуллоҳ зиёрати, Иккинчиси Туркистонга бориш. Худога шукур, иккала орзумга ҳам эришдим.

—Ўзбекистонга виза олиш қийин бўлмадими?

— Визани 3 кун ичида олдим. Бу мен учун ажабланарли эди, чунки мен буни кутмагандим.

—Сафар таассуротларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

—ОО, таассуротларим бир олам. Айтаверсам тугамайди. Ҳа, майли қисқача айтай: Чикаго-Истамбул-Тошкент рейси билан учдим. Тошкент меҳмонхонасида турдик. Алишер Навоий театрига кирдик. Тошкент чиройли, тоза замонавий шаҳар экан менга ёқди. Кейин Наманган, Андижонда бўлдим. Сўнг Бухоро, Самарқанд, Марв, Ашҳобод, Хива, Хўжанд шаҳарларида бўлдик.

Бу саёҳат мен учун шунчалик қизиқ эдики, суткасига 3-4 соат ухлардим, холос. Кўрганларимни эсимдан чиқмасин деб ёзиб борардим.

—Ҳа, Туркистонни ниҳоятда завқ-шавқ билан томоша қилганлигингиз билиниб турибди. Эринмасдан 3 та катта фото албом тузатибсиз. Ҳар бир борган жойингиздаги бинолар номини, бу иншоотларга боғлиқ бўлган тарихий шахслар номини адашмай номма ном айтишингиз мени ҳайрон қолдираяпти. Биз ўзимиз шу ўлкаларда туғилиб вояга етган бўлсак ҳам Сизчалик билмаймиз, тўғриси уялиб кетаяпман.

  • Айтингчи Басит ака, одамларчи, одамлар Сизга ёқдими.

—Одамлар жудаям самимий, меҳмондўст эканлар. Бухорода битта уйланиш тўйида бўлдим. Роса мазза қилиб рақсга тушдим. Айниқса, даврага таклиф қилишиб ўзбекча чопон кийгизишган дақиқалар ҳеч ёдимдан чиқмайди.

—Яна эсингизда қолган бирор воқеани айтиб бера олмайсизми?

-Ҳм… бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Наманган аэропортига тушганимда телефонимни текширсам заряди тугаб ўчиб қолибди. Бу ерда мени бир йигит кутиб олиши керак эди. Унинг телефон рақами эса энди йўқ. Одамлардан у-буни сўрай десам инглизчани билишмайди. Саросимага тушаётганимда бир қиз учради. Исми Феруза бўлиб инглизчани билар экан. “Ташвишланманг, мен Сизни уйга олиб кетаман, уйда эрим билан таништираман, бизникида меҳмон бўласиз, деб мени юпатди. Ҳайриятки, чўнтагимдан битта қоғозда бизнинг турист гуруҳ раҳбаримиз телефон рақами бор экан. Биз унга телефон қилиб, ундан мени кутиб оладиган йигитни рақамини олдик. Ўша қизнинг самимийлиги, ёрдами мени жуда мамнун қилди.

— Меҳмонхоналарда шароит қандай эди. Иссиқ-совуқ сув, тозалик дегандай?

— Мен аъло деган бўлардим, овқатлариям менга жуда ёқди.

— Яна бир савол: Сиз Туркистонга боришдан олдин Ватан ҳақидаги ўйларингиз билан боргандан кейинги кўрганларингиз орасида фарқ бормиди?

— Катта фарқ бор эди. Мен Туркистонни бунчалик тараққий этган деб ўйламагандим.

— Гуруҳингиздаги бошқа туристлар-чи, улар борганларидан хурсандмилар?

—Гуруҳдошларим ҳаммалари саёҳатдан хурсанд эдилар, бирор шикоятни эшитмадим.

—Басит ака, энди охирги анъанавий саволни берсам: Ватандошларигизга нима тилак-истакларингиз бор?

Тилакларим: Туркистон – дунё тараққиётига катта ҳисса қўшган буюк ўлка. Бу юртдан не-не буюк олимлар, саркардалар етишиб чиққан. Болаларимизга Туркистон тарихини ўргатайлик, токи улар наинки ота-боболари билан фахрланиб юрсинлар, балки аждодларга муносиб авлодлар бўлишга ҳаракат қилсинлар. Менинг ишинчим комилки, Туркистондан келажакда шундай авлодлар этишиб чиқади.

Ундан кейинги истагим: Туркистонни барча халқлари иттифоқ бўлсинлар-сен ўзбек, мен туркман, деб ажратмасинлар.

 

Олим Шарипов суҳбатлашди.

5 Феврал. 2017 йил

Чикаго

SHARE