Ўзбекистонлик ўқитувчилар АҚШда ўтган мусобақада иккинчи ўринни эгаллашди

АҚШда ўқитувчилар учун халқаро малака ошириш (ТEА) дастури ўтказилмоқда. Унда ўзбекистонлик ўқитувчилар – Ҳакимхўжаев Нодир, Эрқулова Феруза ва Ҳамраева Наргиза ҳам иштирок этмоқда.

Kun.uz сайтининг ёзишича, дастур доирасига дунёнинг турли мамлакатларидан келган малакали ўқитувчилар билан тажриба алмашиш, АҚШ университетларининг бир нечтасида олти ҳафталик малака ошириш ва Қўшма Штатлардаги ўрта мактабларда амалиёт ўтказиш киради.

Дастур доирасида 25 январь куни Poster fair (плакатлар ярмаркаси) мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақа шартига мувофиқ иштирокчилар бир ярим соат давомида ўз мамлакатлари ва унинг таълим тизимини ёритиб берувчи плакат ва кўргазмалар тайёрлаши керак эди. Ғолибларни аниқлаш учун овоз бериш жараёни махфий равишда ўтказилди.

Овоз бериш натижасига кўра, ўзбекистонлик ўқитувчилар жамоаси 39 мамлакат ичида фахрли 2-ўринни, МДҲ давлатлари орасида эса 1-ўринни қўлга киритди. Мусобақада 1-ўрин Ганага, 3-ўрин эса Қозоғистон вакилларига насиб этди.

Мусобақа расмий мақомда бўлмаса-да, бироқ унда қатнашганлар Ўзбекистоннинг маданияти, таълим тизими ва ривожланиш йўли ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлишди.

SHARE