Яқин вақтларда Тожикистон билан авиақатновлар қайта йўлга қўйилади

    «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси жорий йилда бир қатор янги йўналишларни очади, деб хабар қилди авиаташувчи ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишлаб пайшанба куни ўтказилган матбуот анжуманида компания бош директори Валерий Тян.

    Gazeta.uz ёзишича, яқин вақтларда Тожикистон билан авиақатновлар қайта йўлга қўйилади. «Ҳукуматлараро келишув тўлиқ ишлаб чиқилди ва имзоланишга тайёр. Душанбега рейс яқин вақтлар ичида бўлади», — деди Валерий Тян.

    Эслатиб ўтамиз, Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиақатновнинг қайта йўлга қўйилиши ҳақидаги қарор 2016 йилнинг ноябрида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида қабул қилинган эди.

    Апрель бошида ёки ундан аввалроқ Лахорга (Покистон) ҳам рейс қайта тикланади. Бундан ташқари, Ҳиндистон (Деҳли ва Амритсар рейсларига қўшимча), Хитойга янги йўналиш бўйича рейслар йўлга қўйилади.

    Авиакомпания чартер таклифларини кенгайтиришни истиқболли ва даромадли йўналишлардан, деб ҳисоблайди, қўшимча қилди Валерий Тян. Жорий йилда чартерлар учун кўпроқ ҳаво кемалари ажратилади, деб таъкидлади у.

    Бугунги кунда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Европа ва Осиёнинг 50 дан зиёд шаҳарларига рейсларни амалга оширмоқда. Чартер рейслар географияси Аляскадан Янги Зеландиягача ҳудудларни қамраб олади.

    SHARE