Ўзбекистонда футбол телеканали очилади

UzReport телеканали қошида янги футбол телеканали иш бошлайди. Бу ҳақда Tribuna‘га вазиятдан хабардор бўлган манба маълумот берган.

Манбага кўра, телеканал раҳбарияти фаолиятни юритиши учун тегишли идоралардан лицензия ва рухсатномаларни олган. Ҳозирча телеканалнинг қандай номланиши бўйича аниқ маълумотлар йўқ. Лекин у фақат футболга ихтисослашган бўлади.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Uzreport телеканали Англия ва Испания чемпионати, шунингдек Европа чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ўйинларини Ўзбекистон ҳудудида тарқатиш ҳуқуқини сотиб олган.

Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси бошқарув раиси Фирдавс Абдуҳоликовнинг сўзларига кўра, электрон ОАВ фаолиятини тартибга солишга жавобгар бўган махсус ҳукумат комиссияси ўтган ҳафта охирида учта янги каналга фаолият олиб бориши учун лицензия тақдим этган.

“Бу учта янги телеканал бўлади. Биринчи – “Зўр ТВ” , шунингдек “Футбол” махсус телеканали ва “Караван ТВ” телеканали ҳам пайдо бўлади. Бизнинг ушбу учта канал мамлакат телеэфирига янада рангбаранглик қўшишига ишончимиз комил”, – таъкидлаб ўтди Фирдавс Абдуҳолиқов.

Ўзбекистонда сўнгги беш йил давомида ўнлаб янги телеканаллар очилди – “Маҳалла”, “Дунё бўйлаб”, “Маданият ва маърифат”, “Оилавий”, “Диёр”, “Кинотеатр”, “Болажон”, “Миллий ТВ”, Uzreport TV ва бошқалар.

SHARE