Ўзбекистонда 40 минг нафарга яқин кишига амнистия акти қўлланилди

    Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги қарори билан 39 минг 748 кишига нисбатан амнистия акти қўлланилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Академияси профессори, юридик фанлар доктори Азиз Мирзаев «Правда Востока» газетасидаги мақоласида сўз боради.

    Газета.uz сайтининг ёзишича, 5408 нафар аёл киши, жиноят содир бўлганида 18 ёшни қарши олмаган 893 нафар ва 1045 нафар 60 ёшдан ошган шахс жазодан озод қилинди.

    Амнистия тўғрисидаги актда биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, шунингдек, амнистия тўғрисидаги қарор кучга киргунига қадар бир йилдан кам бўлмаган вақт ичида жазони ижро этиш муддатини ўташга тўсқинлик қилувчи касалликка чалинган беморлар ҳам жазодан озод қилиниши белгиланган эди. Мазкур банд бўйича 144 киши амнистия қилинди.

    Мақолада қайд этилишича, судлар прокуратура, ички ишлар, соғлиқни сақлаш органлари ва бошқа тузилмалари билан ҳамкорликда амнистия қўлланилган шахслар билан тегишли ишларни амалга оширмоқда. Силга чалинган ҳамда биринчи ва иккинчи гуруҳ диспансер ҳисобида турувчи кишилар махсус даволаш муассасаларига юборилади. Ёлғиз кишилар «Саховат» ёки «Мурувват» уйларига жойлаштирилади. Вояга етмаганлар эса ота-онаси ёки васийлик органлари назорати остида бўлади, зарурат туғилган тақдирда, махсус таълим муассасаларига юборилади.

    SHARE