Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ҳарбий саноат мажмуасини барпо этиш вақти келганини таъкидлади

    Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригида Ўзбекистонда саноат мажмуасини барпо этиш вақти келганини таъкидлади.

    Табрикда айтилишича, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш– бугунги ва истиқболдаги энг муҳим вазифадир.

    “Афсуски, бу масала биз кутган даражада жадал суръатлар билан амалга оширилмаяпти.  Шу муносабат билан биринчи галдаги вазифа сифатида 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс дастур ишлаб чиқишимиз керак. Унда ҳарбий аҳамиятга эга маҳсулотлар сотиб олиш, мавжуд техника воситаларини таъмирлаш ва модернизация қилиш, бу борадаги ишларни мақсадли молиялаштириш бўйича аниқ тадбирлар кўзда тутилиши даркор”, деди Шавкат Мирзиёев.

    Президент мамлакатда ҳарбий саноат мажмуасини барпо этиш вақти келди, деб ҳисоблашини айтди. Шу нуқтаи назардан, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов бошчилигида мудофаа саноати соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш учун масъул бўлган тегишли давлат органини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш керак. Унинг таркибига Мудофаа вазирлигининг таъмирлаш бўйича барча корхоналарини, шунингдек, Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи ҳамда ўқ-дори тайёрлайдиган “Восток” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ўтказиш зарур.

    “Келгусида ана шу корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш билан бирга, илмий-ишлаб чиқариш базасини яратиш, сервис марказлари ва қўшма корхоналар ташкил этишга, шунингдек, мамлакатимизнинг етакчи корхоналарида ҳарбий аҳамиятга эга бўлган айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш керак”, деди Ўзбекистон Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони.

    SHARE