Ўзбекистонда яна тўртта эркин иқтисодий зона ташкил этилди

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиеёвнинг фармонига мувофиқ, Самарқанд вилояти Ургут туманида – «Ургут», Бухоро вилояти Ғиждувон туманида – «Ғиждувон», Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида – «Қўқон», Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида – «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди.

Бу, фармонда қайд этилишича, “ташқи бозорларда талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган минерал-хомашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этишга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш учун қулай шароитларни яратиш, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилоятларининг ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида ташкил этилмоқда.

«Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати, кейинчалик уни узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади.

Фаолият кўрсатиш муддати мобайнида «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ ҳудудларида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режими амал қилади.

SHARE