2016 йилда йўқотганларимиз…

2016 йил поёнига етмоқда. Ижтимоий тармоқлар, интернет нашрлари ҳақли равишда айтаётганидек йил ҳақиқатан ҳам жуда оғир келди. Дунёга машҳур одамлар ҳаётдан кўз юмди. Мамлакатимиз ҳам улкан йўқотишларга учради.

Қуйида Ўзбекистон халқи видолашган жамоат ва давлат арбоблари, адабиёт ва санъат дарғаларини ёдга оламиз:

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов

Ислом Абдуғаниевич 2016 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрида бош мияда қайта тикланмайдиган ўзгаришларга ва полиорган етишмовчилигига олиб келган мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) оқибатида вафот этди.

Ислом Каримов 2016 йил 3 сентябрда ота-онаси мангу қўним топган она шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига биноан дафн этилди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти билан видолашув маросими 2016 йил 3 сентябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди.

“Халқимизнинг чексиз муҳаббатини қозонган, мустақил мамлакатимизнинг Биринчи Йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов қалбларимизда абадий қолади ва келажак авлодлар хотирасида тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва тараққиёт раҳнамоси, буюк давлат арбоби сифатида мангу яшайди” дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ахборотида.

Давлат арбоби Эркин Боқибоев

2016 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси Марказий кенгаши раиси Эркин Боқибоев 82 ёшида вафот этди.

Расмий таъзияда қайд этилишича, Эркин Боқибоев 1934 йилда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилди.

1957 йилда Тошкент молия-иқтисод институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тамомлади. У Халқ банкининг Фарғона вилояти Олтиариқ тумани бўлимида иқтисодчи бўлиб иш бошлади. Кейинчалик бўлим бошқарувчиси, банкнинг Сирдарё вилояти бошқарувчиси ўринбосари, «Ўзагросаноатбанк» бошқаруви раиси, Марказий банк раиси, молия вазири сингари масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди. 1999 йилдан умрининг охиригача «Нуроний» жамғармасининг Марказий кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатди.

Академик Саид Шермуҳамедов

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, фалсафа фанлари доктори Саид Шермуҳамедов 2016 йил 16 февраль куни 86 ёшида вафот этди.

С.Шермуҳамедов 1930 йил 12 майда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилди. 1948—1953 йилларда Самарқанд давлат университетида таълим олди. Ўқишни тугатиб, ушбу университет аспирантурасида таҳсилни давом эттирди. Фалсафа фанининг долзарб масалалари бўйича 1960 йилда номзодлик, 1974 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

Актёр Бахтиёр Қосимов

2016 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Қосимов вафот этди.

Бахтиёр Қосимов 1953 йилда актёр ва режиссёр Неъмат Қосимов ҳамда ўқитувчи Сара Қосимовалар оиласида дунёга келган.

У 30 дан ортиқ фильмларда рол ўйнаган. Улар орасида «Тўйлар муборак» (1978), «Ёдгор» (2003), «Ўзимдан ўзимгача» (2009), «Аросат» (2009), «Уқубат» (2009), «Жасур» (2011), «Паризод» (2012), «Сардор-3» (2012), «Боғ» (2013), «Гумроҳлар» (2014), «Фарёд 2» (2014) ва «Ҳаётда…» (2015) каби машҳур фильмлар бор.

Академик Абдулаҳад Муҳаммаджонов

Тарих ва археология фанлари соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Абдулаҳад Муҳаммаджонов 85 ёшида вафот этди.

А.Муҳаммаджонов 1931 йилда Тошкент шаҳрида туғилди. 1951 йили Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тугатиб, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (ҳозирги Шарқ қўлёзмалари маркази) аспирантурасида таҳсил олди. 1955 йилда номзодлик, 1977 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1989 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

Заҳматкаш олим ўзининг 60 йилдан ортиқ илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академиясининг Археология, Тарих институтлари директори, Фанлар академияси вице-президенти, Ўзбекистон Миллий университети профессори каби лавозимларда самарали меҳнат қилди, тарих ва археология фанларининг долзарб назарий ва амалий масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов

Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир ва адиб Эркин Воҳидов 30 май куни 79 ёшида вафот этди.

Эркин Воҳидов 1936 йил 28 декабрда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ўқитувчи оиласида туғилди. 1960 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлади.

У ўзининг ижодий ва меҳнат фаолиятини ёшлар нашриётида кичик муҳаррир сифатида бошлади. Кейинчалик мамлакатимизнинг нуфузли нашриётларида муҳаррир, бош муҳаррир, шунингдек, “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти директори каби вазифаларда самарали меҳнат қилди.

Эркин Воҳидов ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она юртимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг бетакрор ижоди миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

Атоқли шоир ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

Япониялик археолог Кюдзо Като

12 сентябрь куни Термиз шаҳридаги шифохонада Ўзбекистон қадимий шаҳарларини ўрганиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги илмий алоқалар ривожига катта ҳисса қўшган япониялик археолог олим Кюдзо Като 94 ёшида вафот этди.

Кюдзо Като 1922 йилнинг 18 майида туғилган бўлиб, Сока (Осака) университети профессори, тарихчи, этнограф-археолог, таржимон, 20 га яқин илмий тадқиқот ва мақола муаллифи эди.

Таъкидлаш жоизки, япон олими 40 йилга яқин вақт давомида Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар ўтказди. Като Марказий Осиё тарихи ва маданиятига оид бир қатор асарларга муаллифлик қилди.

Профессор Като кўп йиллар давомида Далварзинтепа, Қоратепа ва Фаёзтепа шаҳар харобаларидаги будда ёдгорликларини ўрганиш мақсадида уюштирилган халқаро ўзбек-япон археологик экспедицияларининг тадқиқотларига раҳбарлик қилди.

2002 йилда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов фармони билан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Таниқли режиссёр Мелис Абзалов

2016 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли режиссёр Мелис Абзалов вафот этди.

Ўзбек киносининг асосчиларидан ва энг ёрқин намояндаларидан бири ҳисобланган Мелис Абзалов 18 ноябрь куни 78 ёшга тўлган бўларди.

Мелис Абзалов 1938 йил 18 ноябрда Янгийўлда таваллуд топган. Абзалов 1961 йил Тошкент давлат санъат институтини тугатган. 1962 йил «Ўзбекфильм»да ишлашни бошлаган. 1961—1962 йиллар Ёш томошабинлар театрида актёр бўлиб ишлаган. 1962—1965 йиллар «Ўзбекфильм» киностудиясида режиссёр ассистенти, кейинчалик режиссёр ва актёр, 1989 йилдан «Ватан» киностудиясининг бадиий раҳбари бўлиб фаолият юритган.

Абзалов ижодига комедия жанридаги фильмлар яқин бўлиб, улар ўзига хос миллий бўёқларга бойлиги, характерларнинг тўлиқ очилганлиги билан ажралиб туради. Фильмларида енгил лирика ўткир сатирик эпизодлар билан уйғунлашиб кетади.

Абзалов актор сифатида Абдулла («Еттинчи ўқ»), Оллоёрбой («Инсон қушлар ортидан боради»), Эшон Зайнулло («Қўқон воқеаси»), Қорашоҳ («Арслоннинг саргузаштлари») ва бошқа образларни яратган. Режиссёр сифатида «Чинор остидаги дуэл», «Суюнчи», «Келинлар қўзғолони», «Армон», «Майсаранинг иши», «Кўзларим йўлингда», «Ўтган кунлар», «Чимилдиқ» каби фильмларни ишлаган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, атоқли жамоат арбоби Абдулла Орипов 75 ёшида вафот этди.

Абдулла Орипов 1941 йили Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилди. 1963 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлади.

У ўз меҳнат фаолиятини “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим сифатида бошлади. Кейинчалик мамлакатимизнинг турли нашриётларида муҳаррир, “Гулхан” журнали бош муҳаррири, Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги директори вазифаларида меҳнат қилди. Кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият кўрсатиб, адабий маслаҳатчиликдан ушбу нуфузли ижодий ташкилотнинг раиси лавозимигача бўлган масъулиятли йўлни босиб ўтди.

Улкан сўз санъаткори, нодир истеъдод эгаси Абдулла Ориповнинг бетакрор ижоди теран миллий руҳи ва ҳаётийлиги билан ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ва мустаҳкам ўрин олди. У ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик ва публицистик асарларида она юртимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини беқиёс маҳорат билан тараннум этди.

Абдулла Орипов мустақил Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи сифатида эл-юртимиз қалбидан чуқур жой эгаллади.

Халқимизнинг ардоқли фарзанди бўлган атоқли шоир ярим асрлик серқирра ижодий фаолияти давомида “Митти юлдуз”, “Кўзларим йўлингда”, “Онажон”, “Руҳим”, “Юртим шамоли”, “Ҳайрат”, “Йиллар армони”, “Ҳикмат садолари”, “Эзгулик”, “Шоир юраги”, “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”, “Истиқлол манзаралари”, “Ранглар ва оҳанглар”, “Менга хуш хабар айт”, “Эверест ва уммон” каби шеърий китоблари, “Ҳаким ва ажал”, “Жаннатга йўл”, “Соҳибқирон” сингари чуқур фалсафий руҳдаги драматик асарлари, жаҳон адабиётининг Данте, Александр Пушкин, Тарас Шевченко, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев каби мумтоз намояндалари меросидан қилган бадиий етук таржималари билан улкан ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

 

SHARE