Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни сайловда номзод сифатида иштирок этаётгани билан табриклади

    2016 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ўртасида Қозоғистон томонининг ташаббуси билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.  Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

    Мулоқот чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

    Томонлар турли вазирликлар, идоралар, хўжалик субъектлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида эришилган ўзаро келишувлар ҳаётга изчил татбиқ қилинаётганидан мамнуният билдирдилар.

    Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик айрим муаммоларни ҳам муҳокама қилиб, томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан маслаҳатлашувларни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

    Суҳбат конструктив, давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари руҳида ўтди.

    Оқўрда матбуот хизматининг маълум қилишича, Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида номзод сифатида иштирок этаётгани билан табриклаган.

     

    SHARE