Владимир Путиннинг топшириғига биноан Москва марказидаги хиёбон Ислом Каримов номи билан аталди

Шу йилнинг 1 ноябрь куни Москва ҳокимияти Президиуми Якиманка туманидаги хиёбонга Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номини бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.

Хиёбон Ўзбекистон консуллик бўлими ва меҳмон қабул қилиш уйига яқин жойлашган.

«Россия президенти топшириғи билан Ислом Каримовнинг номини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон консуллигига яқин жойлашган хиёбонга Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти номини бериш таклиф қилинмоқда», — деди Москва мэри Сергей Собянин.

Консулхона яқинидаги номсиз хиёбонга Ислом Каримов номини беришни сўраб шаҳар раҳбариятига Россия ва Ўзбекистон фан, сиёсат ва санъат арбоблари мурожаат қилди.

Аввалроқ Россия пойтахти Москвада Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш масаласи шаҳар думаси ҳузуридаги монументал санъат комиссиясининг 8 декабрдаги йиғилишида кўриб чиқилиши хабар берилган эди.

SHARE