Ўзбекистон — Қирғизистон: яқин қардошларнинг узоқ кутилган дийдори

Йигирма беш йилдирки, Қирғизистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси, мустақил давлат сифатида ташқи ва ички сиёсатни олиб бормоқда. У БМТ ва кўплаб халқаро ташкилотлар сафидан муносиб ўрин олди. Мамлакат иқтисодиёти, маънавий ҳаётида сезиларли ўзгаришлар бўлди. Саноат, энергетика, тоғ-кон захираларини қайта ишлаш борасида ютуқларга эришди.

Аммо турли сиёсий гуруҳлар томонидан «демократик тамойиллар», «сўз эркинлиги» каби тушунчаларга турлича талқин берилиши оқибатида ички сиёсатда мамлакат учун мураккаб, баъзида таҳликали воқеалар юз берди. Бугун эришилган ютуқларни эътироф этиш билан бирга йўл қўйилган хатоларни ошкора тан олиб, ундан тўғри хулоса чиқарилаётгани мамлакат ички ва ташқи сиёсат йўлини белгилашда ижобий натижа бераётир.

Ўзбекистон барча давлатлар, жумладан, яқин қўшнилар билан ҳамжиҳатликда, тенг ҳуқуқли манфаатларга асосланган ҳамкорлик муносабатларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Айниқса, қуда-анда, қон-қондошлик ришталари боғланган Қирғизистонга нисбатан бағрикенглик сиёсатини юритиб келган ва бу юртда бўлаётган воқеаларга ҳеч қачон бефарқ қарамаган. Бир-бирига интилиб, бир-бирини қўллаб, ёнма-ён яшаб келаётган ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасини бузишга ҳаракат қилган кучлар ўз ёвуз мақсадига етолмади. Тили бир, дини ва мақсадлари бир бу икки халқ дўстлиги мустаҳкамлигини октябрь ойида бўлган воқеалар ҳам тасдиқлаб турибди. 2016 йил октябрини қирғизистонликлар энг «иссиқ» ой деб атамоқдалар. Йўқ, бу фикр қуёшли кунларнинг ҳароратига боғлиқ эмас.

Октябрнинг биринчи куни Қирғизистоннинг Ўш, Боткен, Жалолобод вилоятлари раҳбарлари, жамоатчилик вакилларидан иборат 130 нафар меҳмон мамлакат Бош вазирининг биринчи ўринбосари Муҳаммадкалий Абдулғазиев бошчилигида Ўзбекистонга, Андижонга ташриф буюрди. Қадрли меҳмонларни ўзбекистонликлар энг яқин дўст-биродар сифатида қучоқ очиб кутиб олишди. Меҳмонлар Андижон мисолида Ўзбекистондаги ислоҳотлар, бунё­дкорликлар билан танишдилар. Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида иқтисодий, маънавий алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида англашув (меморандум) имзоланди.

Бу воқеага сиёсатчилар, журналистлар Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларидаги янги босқичнинг бошланиши, деб баҳо беришди.

— Бизнинг муносабатларимиз қайта бошланаётгани йўқ, аксинча, давомли дўстлигимиз шу кунларда янада мустаҳкамланмоқда, — деди Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Муҳаммадкалий Абдул­­ғазиев Фарғона водийси вилоятлари вакилларининг Ўш шаҳрига жавоб ташрифи чоғидаги учрашувда. — Биз дўстликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш борасида талай ишлар қилишимиз зарурлигини ҳам биламиз.

2016 йил 26 октябрь куни эрта тонгда Ўзбекистон — Қирғизистон «Дўстлик» чегара-божхона постида Фарғона, Наман­ган, Андижон вилоятларининг раҳбарлари, жамоатчилик вакилларидан иборат 140 кишилик делегация тантанали равишда кутиб олинди. Шаҳарнинг бош майдонигача бўлган ўн чақиримлик йўл четида ўшликлар қўлларида икки мамлакат байроқларини силкитиб, қувонч билан меҳмонларни олқишлашди.

—      Биз бу дамларни орзиқиб кутдик, — дейди меҳнат фахрийси Жениш Сармасов бизни астойдил уйига таклиф қилар экан. — Қирғизистонликларнинг Андижонга боргани, у ердаги жуда катта ўзгаришлар ҳақида телевизорда кўриб ҳайратга тушдик. Кейин Андижонга бориб келган туққанларим билан учрашиб суҳбатлашдим. Чўнг ривожланиш бўлибди, Ўзбекистонда. Худойим хоҳласа, ўзим ҳам бориб кўраман. Сизларнинг Қирғизистонга келишингиз биз учун катта хурсандчилик.

Бу каби гапларни деярли ҳар бир мезбондан эшитдик.

Ўш шаҳрининг марказида ўнлаб юрта (чодир)лар тикилган бўлиб, Қирғизистон халқлар Ассамблеяси вакиллари — ўзбек, рус, уйғур, турк, немис маданий марказлари ўз урф-одатларига кўра, дастурхон ёзгандилар.

Қирғиз эпоси — «Манас»нинг эл севган сатрлари бахшилар томонидан моҳирлик билан чертилган дўмбира жўрлигида куйланди. Ортидан замонавий қўшиқлар ижро этилди. Энг ҳаяжонли воқеа турли миллат кийимидаги болажонлар тинч­лик, дўстликни мадҳ этувчи қўшиқни завқ билан ижро этганида рўй берди. Шунда майдондаги камида беш минг томошабин ўрнидан туриб кетди, қўшиқ тугагунга қадар гулдурос қарсаклар янг­ради.

—      Буни қаранг, биз сизларни соғинганмиз, — деди Қир­ғизистон халқ артисти Саламат Садикова кўзига ёш олиб. — Дўстлигимиз абадий бўлсин!..

Бу ноёб овоз соҳибаси, таниқли жамоат арбоби 2005 йилда Самарқандда «Шарқ тароналари» халқаро фестивалида қатнашган эди.

— Ўзбекистонда санъатни ривожлантиришга яратилган шароит, санъаткорга бўлган эътибор мени доимо тўлқинлантиради. «Шарқ тароналари» фес­тивалидаги муваффақиятим туфайли халқаро миқёсда танлов, фестивалларга таклиф этиладиган бўлдим. Юртимда эса хизматим, эришган ютуғим қадрланиб, халқ артисти деган унвон билан сийландим, — дейди Саламат Садикова. — Насиб қилса, энди Ўзбекис­тонга концерт дастурим билан гас­тролга бормоқчиман.

Ўш вилоятида 1,3 миллион аҳоли бўлиб, саноати асосан қайта ишлаш соҳасига ихтисослашган. Қишлоқ хўжалиги, унинг тамаки етиштириш, пахтачилик, жун ва тери тайёрлаш тармоқлари ривожланган. Яқинда Ўзган тошкўмир ҳавзасида янги захиралар топилди.

Вилоят халқаро миқёсдаги муҳим йўл тармоғига эга. Ўш — Эргаштом халқаро йўли орқали Хитой, Тожикистон, Покис­тон билан боғланиш имконияти бор. 2017 йилда эса Хитойнинг Қашқар шаҳридан тортиб келинаётган темир йўл Жалолобод шаҳри орқали Ўзбекистон темир йўлига уланади. Бу эса Жанубий Қирғизистон учун иқтисодиётни ривожлантиришда янги истиқболдир.

—      Биз мамлакатимиз халқаро миқёсда муносиб ўрин эгаллашини истаймиз. Ўш Давлат Университетидаги хал­қ­аро тиббиёт факультетининг бугунги фаолияти ҳам шунга қаратилган, — дейди университет халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Эрлан Камолов.— Тиббиёт факультетида йигирмадан зиёд мамлакатдан келган ёшлар шифокорлик касбини эгаллашмоқда. Биз Ўзбекистонда тиббий олий таълим юксак савияда эканини биламиз. Бизнинг ўқитувчи-профессорлар орасида айнан Тошкент, Самар­қанд, Андижон тиббиёт олий ўқув юрт­ларида таълим олганлар анчагина. Ўзбекистонликларнинг бугунги ташрифи тиббий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ривожига ҳам катта ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Сафар чоғида «Андижон Давлат Университети ва Ўш Давлат Университетлари ҳамкорлик Шартномаси» имзоланди. Энди бу олий ўқув юрт­лари илмий тадқиқот, малака ошириш, келгусида талабалар алмашиш борасида ҳам шерикчилик қилишлари мумкин.

Бобур номидаги ўзбек драма театри меҳмонларга «Манас ўғли Семетей» асаридан парча намойиш этди. Шаҳарда Бобур номи билан боғлиқ зиёратгоҳ бор. У Сулаймон тоғи тарихий этнографик мажмуаси таркибида эди. Ҳамюрт­ларимиз музей ва ёдгорликлар билан қизиқиб танишишди.

Ўшга ташриф, албатта, икки мамлакат ва унинг халқлари орасидаги муносабатлар мустаҳкамланишига хизмат қилади. Аммо учрашувлар чоғида иқтисодий мавзудан кўра, ижтимоий масалалар, аввало, дўстлик, тинч-тотув қўшничилик, борди-келдидаги айрим тўсиқларга барҳам бериш каби масалалар кўпроқ тилга олинди.

Мамасоли Ахматов, Жало­лобод вилояти губернаторининг биринчи ўринбосари:

—      Жалолобод сиҳатгоҳида дам олувчиларнинг деярли учдан бири ўзбекистонликлар бўларди. Жалолободликлар Шоҳимардонга, Хонободга боришни ёқтирар эди. Биз ака-укадек яқинлармиз. Анъаналаримизни ҳеч ким тўхтата олмайди. Яқинда Андижонга борганимизда улкан қурилишлар, йирик саноат корхоналари, энг замонавий спорт иншоотлари, кенг, обод кўчаларни, муҳими хушчақчақ, кўзида эртанги кунига ишонч чарақлаган инсонларни кўриб, ҳавас билан қайт­дик. Гарчи Қирғизистон ҳам айнан бир даврда мустақиллик иншоотини қураётган бўлса-да, биз турли сабаблар билан маълум муддат вақтимиз ва имкониятимизни бой берганимизни тушуниб турибмиз. Қирғизис­тоннинг Ўзбекистон билан изчил ва мустаҳкам ҳамкорлиги, дўстона муносабатлар бизга ҳар жиҳатдан ёрдам бериши муқаррар.

Орозбек Акимбоев, Ўш вилояти фахрийлар кенгаши ҳамраиси:

—      Фарғонадан чиққан буюк зотлар Аҳмад ал-Фарғоний, Бурхониддин Марғиноний, бугунги куннинг машҳур олим, ёзувчи, санъаткорлари билан биз ҳам фахрланамиз. Бизнинг миллатлар ер юзида пайдо бўлганидан буён дўст. Шундай бўлиб қолади. Андижонда имзоланган «Дўстлик меморандуми»дан умидимиз катта. Биз бугун кечагидан, эртага бугундан яхшироқ яшашимиз керак. Ўзбек — қирғиз дўстлиги уни таъминловчи омиллардан бири, деб ҳисоблайман.

Ҳамидулло Исмоилов, Ўш шаҳар кенгаши депутати:

—      Шаҳар кенгашидаги 45 депутатдан 7 нафари ўзбек. Қабул қилинадиган қарорларимизда диний ва миллатлар­аро бағрикенглик мезонларига риоя қилинади. — Биз, депутатлар сессияда Ўзбекистон эришаётган ютуқлар сабабини ошкора тилга оламиз. Бизнинг­ча, мамлакатда аҳиллик, ватан манфаати йўлида сиёсий бирликка эришилмас экан, тараққиётга эришиб бўлмайди. Андижон ва Ўш учрашувлари муносабатларимизни мус­таҳкамлашга хизмат қилади, албатта.

Гулбара Кенжиева, Қир­ғизистон телера­диоком­пания­си «Ала-Тоо» информацион кўрсатувлар дирек­ция­си мухбири:

—      Қирғизистон делегация­сининг Ўзбекистонга, Андижонга ташрифи ҳақидаги кўрсатувни томошабинларимиз жуда катта қизиқиш билан кутиб олди. Талабларга кўра, ҳатто иккинчи бор такроран намойиш қилишга ҳам тўғри келди. Сабаби, биринчидан, икки халқ дўстлигига ҳеч қандай куч тўсқинлик қила олмаслиги кўриниб тургани, Андижон учрашуви чоғида бизга кўрсатилган чексиз ҳурмат, эҳтиром эди. Иккинчидан, юртингизда қисқа вақт ичида амалга оширилган улкан ислоҳотлар, буюк бунёдкорликни кўрган қирғизистонлик томошабин биз, мухбирлар каби Ўзбекистонни қайта кашф этди. Биласизми, томошабинлардан бири менга қўнғироқ қилиб, биз «демократия» ҳақида тортишиб юрганимизда Ўзбекистон замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, ҳашаматли ўқув юртлари, уй-жой мажмуаларини қуриб ташлаган экан, деди. Менимча, биз ахборот алмашиш борасида ҳам кўп ишлар қилишимиз, журналист­лар ижодий сафарларини уюштиришимиз лозимга ўх­шайди.

Ўшдаги «Шанхай Сити» меҳмонхонаси конференция залида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Адҳам Икромов ва Қирғизистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Муҳаммадкалий Абдул­ғазиевлар оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар. Унда икки мамлакат бундан буён гуманитар соҳада ҳамкорликни ҳар жиҳатдан ривожлантиришга келишиб олгани, Ўзбекистон — Қирғизистон ўртасидаги чегарага боғлиқ айрим муаммолар тез орада ҳал бўлиши айтилди.

Ўш учрашуви Қирғизистон санъат усталари ҳамда Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Зулайҳо Бойхонова, Абдуҳошим Исмоилов, Гулсанам Мамазоитова, «Ўзбекистон» рақс ансамбли иштирокидаги гала концерт билан якунланди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

SHARE