Пойтахтда хусусий уй қулаб тушди: уч киши ҳалок бўлди

26 октябрь куни 11:30 ларда Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани Фаробий кўчасидаги қурилиш ишлари олиб борилаётган 393б-сонли бино конструкцияларининг тўсатдан қулаши содир бўлган. Ушбу фавқулодда вазият натижасида 3 киши ҳалок бўлган ва 2 киши турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган, хабар қилди Ўзбекистон ФВВ.

Дастлабки маълумотларга кўра, фавқулодда вазият содир бўлишига қурилиш меъёр-қоидаларининг бузилиши сабаб бўлган.

ФВВ қутқарув бўлинмалари томонидан бино вайроналари остидан 2 киши қутқариб олинган ва ҳалок бўлганларнинг жасади олиб чиқилган.

Қулаш содир бўлган жойда ФВВ, ИИВ ЁХБ ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг куч ва воситалари томонидан вайроналарни тозалаш ишлари олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазият ўчоғи Тошкент шаҳар ИИББ куч ва воситалари томонидан ўраб олинган ҳамда олиб борилаётган ишлар хавфсизлиги таъминланган.

Юзага келган ҳолат юзасидан Шайхонтохур тумани ИИБ ва Прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Газета.uz сайтининг воқеа жойида ҳодиса тафсилотларидан бохабар бўлганларга таяниб хабар қилишича, Тошкентдаги Фаробий кўчасида қурилаётган уйнинг бузилишига, катта эҳтимол билан бетон қопламанинг меъёридан ортиқ босими сабаб бўлган, хабар қилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, ертўлага эга икки қаватли бино шундоққина кўча ёқасида («Ўзбекистон» маҳалласи) жойлашган бўлиб, унга савдо объектлари ва тренажёр зали (иккинчи қават)ни жойлаштириш режалаштирилган.

Биринчи ва иккинчи қават ўртасидаги бетон плиталар усти қурилиш материаллар билан тўлдириб ташланган бўлган. Бундан ташқари, улар янги эмас эди, деди ахборот манбалари.

Оғирликни кўтара олмаган плиталар ғиштли деворлар билан бирга қулаб тушиб, биринчи қават ва ертўла ўртасини тўлдирган.

Ҳодиса содир бўлган вақтда бинода 11 киши бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тўрт киши қурбон бўлган (расман уч киши экани хабар қилинган), яна бир кишининг аҳволи оғир.

Ҳалок бўлганлар орасида бино эгаси ҳам бор, унинг жанозаси шу куннинг ўзида ўтказилган. Уни таниган маҳаллий фуқаролардан бири у ҳақда ижобий фикрларни билдирди: «У жуда интилувчан, доим изланадиган инсон эди. Эндигина оёққа турган, олдинда катта режалари бор эди».

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар қутқарувчилар кучи билан бино бўлаклари остидан олинди. Айни пайтда ҳодиса жойида тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Фаробий кўчаси транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилган.

SHARE